Президент Шавкат Мирзиёев 1 октябрь куни Қатарга давлат ташрифи доирасида мамлакатнинг қатор йирик компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.

Al Mirqab Capital

al mirqab capital, nebras power, шавкат мирзиёев, қатар, қатар инвестициялар агентлиги

Давлат раҳбари Al Mirqab Capital холдинг компанияси ижрочи директори Саиф ур-Раҳмон Хонни қабул қилди.

1983 йилда асос солинган холдинг АҚШ, Европа ва Яқин Шарқда For Seasons, The Ritz Carlton ва бошқа брендлардаги 20 та йирик меҳмонхона эгасидир. Компания активлари қиймати 8 млрд доллардан зиёдни ташкил этади.

Учрашувда меҳмонхона инфратузилмаси ва туризм хизматларини ривожлантириш, логистика ва энергетика тармоғини модернизация қилиш борасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Хусусан, компания томонидан Тошкент вилоятида логистика маркази, Бухоро шаҳрида меҳмонхона-конгресс мажмуасини қуриш, мамлакатда электр ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришга инвестиция киритиш режалари кўриб чиқилди.

Инвестиция лойиҳалари қўшма «йўл харитаси» асосида амалга оширилади.

Nebras Power

al mirqab capital, nebras power, шавкат мирзиёев, қатар, қатар инвестициялар агентлиги

Шавкат Мирзиёев Nebras Power компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад ал-Ҳажрий билан ҳам учрашди.

Nebras Power — Қатарнинг етакчи энергетика корпорацияси. Компания ўндан зиёд мамлакатида йирик лойиҳаларни амалга оширган.

Учрашувда энергетика соҳасида, энг аввало, муқобил энергетикада янги лойиҳаларни илгари суриш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.

Давлат раҳбари Сирдарё вилоятида Қатар компанияси иштирокида буғ-газ технологиялари асосида қуввати 1,6 ГВт бўлган замонавий электр станцияси қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бошланганини мамнуният билан қайд этди.

Ҳозирда Сурхондарё вилоятида ИЭС барпо этиш лойиҳаси доирасида тайёргарлик ишлари якунланмоқда.

Тошкент вилоятида 600 МВт қувватли энергия сақлаш тизимларини яратиш ҳамда Қорақалпоғистонда 1 ГВт қувватли шамол электр станциясини ишга тушириш бўйича қўшма режалар муҳокама қилинди.

Президент ва компания раҳбари узоқ муддатли шериклик дастурини қабул қилиш, унга, энг аввало «яшил» энергетикага доир истиқболли лойиҳаларни киритиш юзасидан келишувга эришди.

Қатар инвестициялар агентлиги

al mirqab capital, nebras power, шавкат мирзиёев, қатар, қатар инвестициялар агентлиги

Ишбилармонлик дастури доирасида президент Қатар инвестициялар агентлиги директори Бандар бин Сауд Ол Сонийни қабул қилди.

Агентлик саноат, инфратузилма, энергетика, кўчмас мулк, электрон технологиялар соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга оширишда катта тажрибага эга глобал миқёсдаги етакчи инвестиция холдингларидан бири ҳисобланади. Идора раҳбари бир вақтнинг ўзида Қатар Марказий банки раисидир.

Учрашувда агентликнинг тўғридан-тўғри инвестицияларини мамлакат ҳудудларида «яшил» энергетика объектлари — қуёш ва шамол станцияларини қуриш, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, шу жумладан замонавий авиатерминаллар барпо этиш ва бошқа инвестиция лойиҳаларига жалб қилиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

Илғор банк-молия хизматларини, шу жумладан ислом молияси дастурлари доирасида ривожлантиришдан манфаатдорлик билдирилди.

Қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун икки томонлама гуруҳ учрашувини яқин фурсатда ўтказишга келишиб олинди.

Аввалроқ Қатарнинг энг йирик миллий холдинги — Power International Ўзбекистонда юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган автомобиль магистралини қуришни режалаштираётгани ҳақида хабар берилганди. Компания, шунингдек, тез орада мамлакатда ўз офисини очишини маълум қилган.