Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қатарга давлат ташрифи доирасида 1 октябрь куни Доҳада Power International Holding компанияси бошқаруви раиси Мутаз ал-Ҳаййатни қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар бермоқда.

Учрашув давомида мамлакатда юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган автомобиль магистралини барпо этиш лойиҳаси, аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, ишбилармонлик ва меҳмонхона инфратузилмаси, соғлиқни сақлаш объектларини ташкил этиш истиқболли лойиҳалар сифатида қайд этилди.

Power International — дунёнинг 19 та мамлакатида энергетика, нефть-кимё, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт инфратузилмаси, соғлиқни сақлаш, туризм каби соҳаларда фаол иш олиб бораётган Қатарнинг энг йирик миллий холдинги. Яқин Шарқдаги етакчи кўп тармоқли компаниялардан биридир.

Ҳозирда ушбу компания билан ҳамкорликда Жиззах вилоятида келгусида минтақанинг энг катта агросаноат мажмуаси бўладиган замонавий чорвачилик кластери қурилмоқда.

Қатар томони тез орада холдинг Ўзбекистонда ўз офисини очишини маълум қилди.

Маълумот учун, Шавкат Мирзиёев 1 октябрь куни Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Доҳа шаҳрига келган.

Шайх Ҳамад номидаги халқаро аэропортида олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортган. Давлат раҳбарини Қатар бош вазири — ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Соний ва бошқа расмий шахслар кутиб олган.

Давлат ташрифи дастурига мувофиқ, олий даражадаги учрашувлар бўлиб ўтади, етакчилар Ўзбекистон-Қатар муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ривожлантириш масалаларини муҳокама қиладилар.

Президент Қатар ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашувлар ўтказиши ҳам кўзда тутилган.