Бир йилда нечта китоб ўқийсиз? Кунингизнинг қанча қисмини мутолаага сарфлайсиз? Хоҳлаганингиздан кўра кам, тўғрими? Иш-ташвишнинг тугамаслиги ёки шунчаки ҳафсала, хоҳиш йўқлиги баҳона бунга. «Газета.uz» китобхонликни тарғиб этиш, ўқувчини кўп ва хўб ўқишга ундаш ниятида «Нима ўқиймиз?» саволи билан олим, тадқиқотчи, жамоат фаоли, ёзувчи-шоир, таржимон ва бошқаларга юзланади, уларнинг йил давомида ўқиган ё ўқилиши шарт деб санаган китоблари тавсиясини сизга етказади. Мақсад жуда оддий — китобхон бўлайлик!

«Нима ўқиймиз?» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони — «Заковат» телеўйини бошловчиси, «Заковат интеллектуал клуби» ННТ президенти Абдурасул Абдуллаев.

Мутолаа ҳақида

Китоб, мутолаа, билим ҳақида нимаики интервью бўлса, мен ҳар доим биринчилардан бўлиб тайёрман. «Вақтим йўқ» демайман бундай нарсаларга. Чунки менинг бугунги даражага етишимга айнан ўқиган китобларим сабабчи бўлган, деб биламан.

Болалигимда боғларимиз бўларди. Мен 4−5-синфлигимдан шу боғларда отамга қарашардим. Ёзги таътилда кечалари ҳам қолиб кетардим боғда — узумлар, ҳар хил бошқа мевалар пишган, қўриқлаш керак. Зерикардим. Кейин уйга борганда қўлимга нимаики китоб тушса, олиб келадиган бўлдим. Уйда охири мен ўқимаган китоб қолмаган. 4−5-синфда ҳатто «Анна Каренина»ни ҳам ўқиганман. «Анна Каренина» 600−700 саҳифали китоб, уйда шунинг 400 бети бор экан — 300-бетдан бошланган, боши йўқ. Ўқийман-ўқийман, лекин китобнинг боши йўқлиги учун, ҳеч тушунмайман. Ўша вақтда мактабдаги ўқитувчилардан ҳам сўраганман, лекин улар ҳам ўқимаган, билмаган. Бошида нима бўлган бўлиши мумкин, деб роса ўйлаганман, кейин мантиқ юритиб, ўзимча бир нарса тўқиганман. Мактабни битириб, Театр ва рассомчилик институтига ўқишга кирганимдан кейин биринчи қилган ишим — институт кутубхонасидан «Анна Каренина»ни топиб ўқиш бўлган.

Хуллас, ўшанда китоб, мутолаа оламига кииб қолганимни ўзим ҳам тушунмаганман. Ёшлигимда жуда кўп китоб ўқирдим. Мактабда дарслар тезроқ тугасаю, тезроқ уйга борсаму, китобимни ўқисам — мана шундай хоҳиш-истак кучли эди. Меҳрим тушиб қолган китобга. Китобсиз юрмасдим, доим қўлимда китоб бўларди. Болалар билан футбол ё бошқа бирор ўйин ўйнасак, китобимни дарахтга қистириб ё бирор бута устига қўярдим-да, ўйин тугагач, яна кўтариб кетардим. Китоб бўлмаганида эди, билмадим, мен қўйиб боқиб, боғбонлик қилиб ўтиб кетармидим, балки.

Ҳозир «одамлар китоб ўқимай қўйди» деган гапни кўп гапиришади. Одамлар китоб ўқимай қўйганига мен жуда 100 фоиз ишонмайман — ўқиётганлар бор. Масалан, йўлда қулоғига «наушник» (қулоқчин)ни тиқиб олиб, аудиокитоб эшитиб кетадиганлар бор — бу ҳам мутолаанинг бир тури. Лекин 70 фоиз атрофида китоб ўқимайдиганлар гуруҳи пайдо бўлиб қоляпти. Худога минг қатла шукр, ўша қолган 30 фоизни маҳкам ушлашимиз керак. Шу 30 фоиз орқали қолганларга таъсир кўрсатишимиз, уларни ҳам мутолаага жалб қилишимиз керак.

Болаларни мактаб пайтидан болаларни китоб ўқишга жалб қилишимиз керак. Мактабда ўқиётган боланинг қўлига 500 долларлик телефон бериб қўямиз. Телефон бўлсин, лекин китоб ҳам ўқисин. Ота-оналар тарғиб қилиши керак, ота-оналар ўргатиши керак. «Боланинг кўзи очилмаган пайти» деган гап бор-ку, 4-синфгача шундай. Кейин бола остона хатлаб кўчага чиқдими, кўчани ҳидини сездими, кўчадагилар нима қилса, шуни қиладиган бўлади. Шунинг учун ҳам ҳозир аксарият ёшларимиз худди инкубатордан чиққандек бир хил. Бир хил фикрлайди, бошида бир хил ўй. Китоб ўқиган болаларда бундай бўлмайди, бошқачароқ фикрлайди. Мен ҳозирги болаларга доим айтаман — китоб ўқиш керак, китоб келажагингни таъминлайди.

Бир-икки киши юзимга айтган-да: «Ман умуман китоб ўқимайман, нима кераги бор бошимни ачитиб?», деб. Уларга гапиришнинг фойдаси йўқ, лекин савол туғилади-да: китоб ўқимаса, бирор нарсани ўрганмаса, бирор нарсани билмаса, дунёда яшашдан нима мақсад? Еб-ичишми фақат? Майли, ҳар куни чойхоналарда ошларни ер, мазза қилиб, маишатда ҳаёт кечирар, охири ўлади-кетади — нима қолади ундан? Нимага эришади бу инсон? Одам дунёга келганидан кейин нимадир қилиши керакми? Ниманидир ҳис қилиши керакми? Ҳаётни чуқурроқ билиши керакми? Бошни оғритмайман деб китоб ўқимаслик — ғирт ваҳшийлик…

Мен асосан ўзбек ва рус тилларида ўқийман. Авваллари бир китобни ўқиб бўлиб, кейин бошқасига ўтардим. Ҳозир бир жойга борсам, битта китоб оламан, бошлайман, кейин бошқа бир китоб қўлимга тушиб қолади. Масалан, «Темур тузуклари»ни анчадан бери ўқийман деб юрардим — нега бутун дунё унга интилади, фақат Амир Темур ҳақидами ё бошқа нарса ҳам борми ичида — шу саволлар билан мутолаага киришгандим, бир таржимон дўстим Исай Калашниковнинг Чингизхоннинг болалиги ҳақидаги китобини таржима қилган экан, «ўқиб кўр» деб берди.

Чингизхоннинг болалигини умуман бошқача тасаввур қилардим, аслида у умуман бошқа тоифа инсон бўлган экан, бу китобдан кўп нарсани билиб олдим. Агар Чингизхон яшаган давр, атроф-муҳит бошқачароқ бўлганида эди, ундан, эҳтимол, катта олим чиқарди — у шундай одам бўлган экан. Лекин атрофдагиларнинг бари ваҳшийлар, бир-бирини ғажишга тайёр одамлар. Шундай муҳитда у қандай лидерга айланганини ҳам мутолаа давомида тушуниб етдим.

Ҳозир шу икки китобни ўқияпман, ҳали тугатганим йўқ — бир гал биттасидан, кейин бошқасидан 20−30 бет мутолаа қиламан. Хуллас, бир вақтнинг ўзида битта китоб ўқийсизми ё иккита китоб ўқийсизми, фарқи йўқ — қандай ўқисангиз ҳам китоб ўқиш керак.

Сўнгги ўқилган китоблардан тавсиялар

Алесь Адамович, Даниил Гранин. «Блокадная книга».Алесь Адамович, Даниил Гранин. «Блокадная книга».

Мен Иккинчи Жаҳон уруши тарихига қизиқаман (сўнгги вақтларда сезган бўлсангиз, «Заковат»да ҳам шу уруш тарихига доир саволлар кўпайди). Шунинг учун Даниил Гранин ва Алесь Адамович ёзган «Блокада китоби»ни ўқиб чиқдим. Уруш ҳақида фильмлар, романлар кўп, лекин уларда уруш бадиийлаштирилади, уларга тўқима образлар, тўқима ҳолатлар киритилади. «Блокада китоби» эса айнан шундай тўқималардан холи, уруш ҳақидаги ҳақиқатларни очиб берувчи бир асардир.

Кейинги вақтларда мемуар китоблар, биографик асарларга жуда ишқибоз бўлиб қолдим. Романлардан фарқли ўлароқ, бундай ижодий ишланмалар ҳақиқатда бўлган воқеалар ҳақида, фактлар ҳам ҳақиқатга яқинроқ. Муаллиф қаердадир нимадир тўқимами, бадиий бирор нарсами қўшган бўлиши мумкин, лекин умуман олганда фактларга асосланган. Менинг ёшимга, менинг ҳозирги кайфиятимга шундай китоблар мақбул экан, деб ўйлаб қолдим.

Уолтер Айзексон. «Бенжамин Франклин».Уолтер Айзексон. «Бенжамин Франклин».

Биографик асарлар оламига кириб қолишимнинг ҳам ўзига хос тарихчаси бор. Илон Маск ҳақидаги мақолалар, унинг интервьюларини ўқирканман, у Бенжамин Франклинни кўп мисол қилиб келтиришига гувоҳ бўлдим. Шундан кейин Бенжамин Франклинга қизиқиб қолиб, унинг Уолтер Айзексон томонидан ёзилган биографиясини ўқиб чиқдим.

Уолтер Айзексон. «Стив Жобс». Сотиб олиш.Уолтер Айзексон. «Стив Жобс». Сотиб олиш.

Бенжамин Франклиндан сўнг Уолтер Айзексон томонидан ёзилган бошқа китоб биографик асарлар — «Стив Жобс», «Алберьт Эйнштейн»ларни ҳам ўқиб чиқдим. Ўрни келганда таъкидлаб кетай — 10−11 синф болалар шу китобларни ўқиши керак, бу китоблар уларнинг дунёқарашини кенгайтиради, бу асарлар ўқиган болалар ўзини катта ишларга чоғлайди.

Георгий Данелия. «Безбилетный пассажир».Георгий Данелия. «Безбилетный пассажир».

«Афоня», «Кузги марафон», «Мимино», «Кин-дза-дза» фильмларини жуда яхши кўраман. Уларнинг оҳанги, темпоритмаси жуда ёқади ва қайта-қайта кўравераман. Санаган фильмларимнинг бари режиссёр Георгий Данелия томонидан суратга олинган. У ким эди, нега унинг ҳамма асарларида кулги ҳам бору, лекин ўзгача бир сокинлик ҳам ҳукмрон, у қандай қилиб бунақанги дунёқарашга эга бўлиб қолган, у фақат грузинми ё бошқа кароматлари ҳам борми — шу каби саволларга жавоб топай деб, унинг мемуарларини ҳам ўқиб чиқдим.

Индира Гандининг Николай Надеждин томонидан ёзилган биографияси билан танишдим — буни Ҳиндистон тарихи деса ҳам бўлади. Агата Кристининг автобиографиясини ўқиб чиқдим. Айтдим-ку, бир жуда берилиб кетдим-да биографияларга ва бу нарса, қайсидир маънода, менда ҳам мемуар ёзиш истагини уйғотди, сўнгги бир-икки йилдан бери шу ҳақда ўйлаб юрибман. Мен жуда Франклин ё Агата Кристи бўлмасам ҳам, ўзига яраша бир жараённи бошдан кечирганман — «Заковат» ва унинг атрофидаги ишлар, қандай қилиб телевидениега келиб қолганим, бу ишларга болалигимдан ўзим билмаган ҳолда қандай қилиб пойдевор қўйганим — шулар ҳақида ёзишни ният қилганман. Мемуар деб катта гапирмайлигу, лекин ўзим кўрган-билганларимни «Заковат ҳақида ҳақиқатлар» деганга ўхшаш ном билан ёзиш нияти бор.

Ёшларга тавсиялар