Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари, Тошкент тиббиёт академияси ректори Алишер Шадманов «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирланди.

Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан «таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган» ходимлардан бир гуруҳи давлат мукофотлари билан тақдирланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Алишер Шадмановни мукофоти билан табриклаб, келгуси фаолиятига муваффақиятлар тилади.

Алишер Шадманов (1962 йилда туғилган) — тиббиёт фанлари доктори, профессор. 1985 йилдан 2015 йилгача Андижон давлат тиббиёт институтида турли лавозимларда ишлаган.

2016−2017 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси («Адолат» социал-демократик партияси вакили) сифатида фаолият юритди.

2017 йил февралидан 2020 йил ноябригача Соғлиқни сақлаш вазири бўлган. У коронавирус пандемиясининг бошланиши ва ривожланиши даврида Соғлиқни сақлаш вазирлигини бошқаришига тўғри келди.

2023 йилнинг август ойида у Соғлиқни сақлаш вазирлигига вазирнинг биринчи ўринбосари сифатида қайтди.