Олий Мажлис Сенатининг қирқ бешинчи ялпи мажлиси 29 сентябрь куни бўлиб ўтади, дея хабар бермоқда юқори палата матбуот хизмати.

Мажлисда «Педогогнинг мақоми тўғрисида»ги, «Фармацевтика фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунлар кўриб чиқилади.

Сенаторлар «Ер тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Ўлчаш воситаларини қиёслашдан ўтказиш соҳасига хусусий сектор жалб қилиниши муносабати билан «Метрология тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунларни ҳам муҳокама қилади.

Шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида қонунийликни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланганлиги муносабати билан «Прокуратура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги, «Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг яхлит тизими шакллантирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонунлар муҳокама қилинади.

Бундан ташқари, сенаторлар Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) ўринбосарини сайлаш, Сенат кенгашининг қарорларини тасдиқлаш масалаларини кўриб чиқади.