Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси Туркиядаги Ўзбекистон фуқаролари, хусусан, аёлларни тунги кафеларда консоматрис бўлиб ишламасликка чақирди.

Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда ватандош хотин-қизларни Истанбул, Анталия, Измир, Бодрум ва бошқа шаҳарларга катта маблағ эвазига «консоматрис» (Конс) ишларига таклиф этиб рекламалар тарқатилаётгани кузатилмоқда. Бунда павильон (тунги кафе) ходимлари ёш қизларни келган мижозларига ўз нархидан оширилган нархларда ичимлик ва озиқ-овқат олдириш учун ёлламоқда.

Консулликнинг таъкидлашича, мазкур фаолият тури билан шуғулланганларга маҳаллий полиция томонидан Туркиядан чиқариб юборилиш чораси кўрилмоқда.

«Бу Консоматрис фаолияти бизнинг урф-одатимиз, миллий анъаналаримиз ва муқаддас динимизга тўғри келмаслиги ҳаммамизга маълум. Туркия ҳудудида ҳуқуқбузарликлар иштирокчиси бўлиб қолишингиз, жабр кўришингиз ёки айбдор бўлиб қолишингизнинг олдини олиш мақсадида, сиз яшаб турган давлатнинг қонун талабларига риоя қилишингизни, ўзингиз ва яқинларингиз ҳаёти ва соғлигига хавф туғдириши мумкин бўлган жойлар ва шахслардан йироқ бўлишингизни тавсия қиламиз», — дейилади консуллик хабарида.

Шу каби реклама тарқатаётганлар ва консоматрисликка жалб қилаётган шахслар ҳақида маълумот бўлса консулхонага (Тел.: 02123232037) хабар бериш сўралган.