Президент Шавкат Мирзиёевнинг Германияга ташрифи арафасида Ўзбекистоннинг янги элчиси Дилшод Ахатов Берлинга келди, дея хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

51 ёшли Дилшод Ахатов Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонасини 2020 йилдан буён бошқариб келаётган эди. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Москва давлат халқаро муносабатлар институти битирувчиси.

У ТИВ тизимида стажёр сифатида иш бошлаган ҳамда бошқарма ва Бош бошқарма бошлиғи, ташқи ишлар вазири ўринбосаригача бўлган мансаб зинапояси босқичларини босиб ўтган.

2010−2013 йилларда у Германияда элчи ва ўриндошлик бўйича Швейцария, Чехия, Швеция ва Испанияда элчи бўлган.

Дилшод Ахатов 2017 йилдан буён ушбу лавозимда ишлаб келаётган Набижон Қосимов ўрнини эгаллади.

Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев 28−30 сентябрь кунлари амалий ташриф билан Берлинга бориши ҳақида хабар берган эдик. Унинг федерал канцлер Олаф Шольц ва федерал президент Франк-Вальтер Штайнмайер билан икки томонлама музокаралар ўтказилиши, шунингдек, Марказий Осиё ва Германия давлат раҳбарларининг учрашувлари режалаштирилган.