Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги Фавқулодда ва муҳтор элчиси этиб тайинланган Дилшод Ахатов 18 июнь куни Дели шаҳрига жўнаб кетди, дея хабар берди Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати.

Тайинловга қадар Дилшод Ахатов 2018 йилдан буён Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди. Шунингдек, у 2010−2013 йилларда Ўзбекистоннинг Германиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси (ўриндошлик бўйича Швейцария, Чехия, Швеция ва Испанияда) сифатида фаолият юритган.

Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги собиқ элчиси Фарҳод Арзиев феврал ойида ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган эди.

Маълумот учун, Д. Ахатов (1972 йил туғилган) Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ва Москва давлат халқаро муносабатлар институтини (Университет) тамомлаган. У иш фаолиятини Ташқи ишлар вазирлигида бошлаб, 2003−2007 йилларда Европа мамлакатлари билан ҳамкорлик бошқармасининг бўлим бошлиғи, Европа мамлакатлари ва НАТО билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи (2007−2010 йиллар), БМТ ва халқаро ташкилотлар бошқармаси бошлиғи бўлган. Шунингдек, Дилшод Ахатов Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари сифатида вазирликнинг Икки томонлама ҳамкорлик бош бошқармасига раҳбарлик қилган.