Xiamen King Long United Automotive Industry компанияси «Тошшаҳартрансхизмат» компаниясига узунлиги 18 метр бўлган илк электробусни топширди. Бу ҳақда душанба куни Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

«Тез кунларда ушбу замонавий, қулай ва экологик тоза электробус пойтахт аҳолисига хизмат кўрсата бошлайди», — дейилади хабарда.

Электробус кўк рангга бўялган ва ташқи томондан айни шу компаниянинг баҳорда шаҳарга 200 дона миқдорида келтирилган «гармошка»ли автобусларига ўхшайди. Пойтахтда 10 йилдан ортиқ вақт давомида бундай катта сиғимли автобуслар мавжуд эмасди.

Ушбу машинанинг Тошкентга келиши ҳақидаги хабарлар август ойи охирида пайдо бўлганди. Шаҳар учун бундай электробусларни харид қилиш ҳақида хабар берилмаган.