Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Жаҳон банкини жалб этиб, 1 июнга қадар «Ўзбекистон темир йўллари» АЖни трансформация қилиш, ривожлантириш ва хусусийлаштириш стратегияси ишлаб чиқиш юзасидан топшириқ берди. Бу президентнинг 8 апрелдаги фармонида акс этган.

Бундан ташқари, 1 августга қадар компанияни трансформация қилиш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи қарор лойиҳаси ишлаб чиқилади:

  • ўзининг йўловчи ва юк вагонларига эга хусусий операторлар фаолиятини ривожлантириш ҳамда темир йўл транспорти хизматлари бозорида рақобатни ривожлантиришга қаратилган шаффоф ва мослашувчан тариф тизимини яратиш йўли билан тариф сиёсатини такомиллаштириш;
  • темир йўл транспорти корхоналарида операцион ва бизнес жараёнлар самарадорлигини ошириш, шу жумладан, хизмат кўрсатувчи ва истеъмолчи ўртасидаги муносабатларни рақамли трансформация қилиш йўли билан интеграциялаш;
  • темир йўл орқали ички ва халқаро юк ҳамда йўловчи ташувларини давлат-хусусий шериклик ёки франшиза асосида хусусий секторга бериш.

Ўтган йилнинг августида Шавкат Мирзиёев темир йўл юкларини ташиш соҳасидаги монополияни танқид қилганди. У ўшанда хусусий логистика операторлари ўзининг вагонлари билан фаолиятини бошлашини ҳам маълум қилганди. Президент «Ўзбекистон темир йўллари» раиси в.б. Хуснутдин Хасиловга монополияни бартараф этиш тўғрисида топшириқ берганди. «Керак бўлса, ўзинг ташкиллаштирасан, ўзинг кредит оласан, ўзинг банкларга ялинасан», — деди у монопол компания раҳбарига юзланиб.

11 март куни «Ўзбекистон темир йўллари» раиси в.б. Хуснутдин Хасилов саноат кооперацияси ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришдаги ишлари учун «ҳайфсан» олганди.