25 сентябрь куни Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Ҳужжат билан Қонунчилик палатаси ва Сенат ваколатлари янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштирилиши назарда тутилган.

Унга кўра, Парламент палаталарига ўзини ўзи тарқатиб юбориш ваколатини берилади. Бундай ҳолатда Қонунчилик палатасига янги сайлов 2 ой мобайнида ўтказилади, Сенатнинг янги таркиби эса, 1 ой мобайнида шакллантирилади.

Шунингдек, мазкур ҳужжат билан қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилган:

Сенатнинг ваколатларига маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига ўз фаолиятини амалга оширишда кўмаклашиш, Қонунчилик палатаси тарқатиб юборилган даврда Олий Мажлиснинг қонунларни қабул қилишга доир ваколатларини бажариш, қонунни у Сенатга келиб тушган кундан эътиборан 60 кун ичида кўриб чиқиш ва бошқалар киритилади.

Сенат аъзолари ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирликдан 4 нафардан сайланиши, 9 нафари президент томонидан тайинланиши (жами 65 нафар) белгиланади. Доимий асосда ишловчи сенаторлар сони амалдагидек 25 нафар миқдорда сақланиб қолмоқда.

Сенатнинг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссиясини тугатиш таклиф этилган.

Сенатнинг қуйидаги ваколатлари бекор қилиниб, Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари сифатида белгиланади:

  • Давлат бюджетининг ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш ва Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш;
  • президентнинг тақдимига биноан бош вазир номзодини кўриб чиқиш ва маъқуллаш;
  • бош вазир, Ҳукумат аъзоларининг ҳисоботларини ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг ҳар йилги маърузасини эшитиш.

Қонунчилик палатаси спикери ўринбосарлари сони 7 тадан 2 тага қисқартирилади. Бунда:

  • Спикернинг ўринбосарлари фракция аъзоси бўлиши мумкин эмаслиги ҳамда лавозимда бўлиш даврида сиёсий партиядаги аъзоликни тўхтатиб туриши белгиланмоқда;
  • фракция раҳбари моддий, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шарт-шароитларига кўра спикер ўринбосарига тенглаштирилмоқда.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланган.

Эслатиб ўтамиз, янги таҳрирдаги Конституциянинг 94 ва 95-моддаларида Қонунчилик палатаси ва Сенат ўзини ўзи тарқатиб юбориш тўғрисида депутатлар/сенаторлар умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан қарор қабул қилиши мумкинлиги белгиланган.