Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ХIХ ёзги Осиё ўйинларига старт берилди. Мусобақанинг илк кунида ўзбекистонлик спортчилар 1 та олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза медалларини қўлга киритди.

Академик эшкак эшиш

Ўзбекистон делегацияси ҳисобига мусобақадаги дастлабки медални академик эшкак эшиш бўйича аёллар ўртасида енгил вазн тоифасидаги жуфтлик дастурида иштирок этган Луизахон Исломова ҳамда Малика Тагматова ёзиб қўйди. Спортчилар финал дастурида марра чизиғини иккинчи бўлиб кесиб ўтишди ва кумуш медалини қўлга киритишди.

Академик эшкак эшиш бўйича эркаклар ўртасида енгил вазнли спортчилар баҳсида Шаҳзод Нурматов ҳамда Собиржон Сафаралиев бронза медалига сазовор бўлди. Олтин ва кумуш медаллари эса Хитой ҳамда Ҳиндистон жамоаларига насиб этди.

Шунингдек, М2х дастурида иштирок этган Шаҳбоз Холмирзаев ҳамда Меҳрожбек Маматқулов жуфтлиги кумуш медалини қўлга киритди. Мазкур стартда олтин медаль Хитой, бронза медали эса Индонезияга насиб этди.

М2 дастурида қатнашган академик эшкак эшувчилар Шеҳроз Ҳакимов ҳамда Дилшоджон Худойбердиев марра чизиғини иккинчи бўлиб кесиб ўтишди ва кумуш медални қўлга киритишди. Ушбу дастурда олтин медаль Гонконг, бронза медали Ҳиндистон жамоаларига насиб этди.

Дзюдо

Ҳалима Қурбонова дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзосининг илк медалига муаллифлик қилди. У бронза медали учун баҳсда жанубий кореялик Хекеонг Лига қарши татамига чиқиши керак эди. Бироқ рақиб спортчи курашмагани учун Қурбонова тўғридан тўғри совриндорлар қаторидан жой олди.

Осиё ўйинларидаги Ўзбекистон учун илк олтин медални дзюдо бўйича Диёра Келдиёрова қўлга киритди. -52 кг вазн тоифасида баҳс олиб борган Келдиёрова БАА вакили Биршелт Хорлодоини мағлубиятга учратиб, ўз ғалабалари орасига Осиё ўйинлари чемпионлигини ҳам қўшиб қўйди.

Қиличбозлик

Дилназ Мурзатаева Осиё ўйинларида шоҳсупага кўтарилган биринчи ўзбекистонлик қиличбозга айланди. 17 ёшли спортчи ярим финал жангида жанубий кореялик Инжеонг Чоига имкониятни бой бериб қўйди ва бронза медали билан кифояланди.

Маълумот учун Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари 2022 йилнинг сентябрь ойида бўлиб ўтиши белгиланганди. Бироқ коронавируснинг янги тўлқини сабабли ўша йилнинг 6 май куни Тошкентда ўтган ООК Ижроия қўмитасининг 77-йиғилишида мусобақа 2023 йилнинг 23 сентябрдан 6 октябргача бўлиб ўтиши маълум қилинди.