20 сентябрь куни Наманган вилояти Чуст туманида ЙТҲ рўй бериб, оқибатда 5 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот котиби «Газета.uz»га маълум қилди.

Бошқарма маълумотларига кўра, Наманган-Тошкент йўналиши бўйича ҳаракатланаётган DAF юк машинаси ҳайдовчиси рулда ухлаб қолиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган ва Damas ва Labo автомашиналари билан тўқнашган.

Damas ҳайдовчиси ва 4 нафар йўловчиси олган тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида ҳалок бўлган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-модда (Одамлар ўлимига сабаб бўлган ҳолда транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.