10−25 сентябр кунлари Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 45-йиғилишида Ўзбекистон иштирокидаги «Мўътадил минтақадаги Турон чўллари» трансчегаравий табиат объекти ЮНЕСКО Умумжаҳон табиий мероси рўйхатига киритилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

«Мўътадил минтақадаги Турон чўллари» Умумжаҳон табиий мероси объектлари рўйхатига киритилувчи Ўзбекистон қатнашган иккинчи объект ҳисобланади. 2016 йилда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон иштирокидаги «Ғарбий Тян-Шан» объекти ҳам ушбу рўйхатдан ўрин олган. Бироқ янги объект рўйхатдаги мўътадил чўллар тоифасига кирадиган биринчи объект ҳисобланади.

Ҳудуднинг Ўзбекистонга доир қисми Оролбўйи минтақаси ва Устюрт платоси ҳудудларида жойлашган 2 млн гектардан ортиқ ҳудудни эгаллаган. У бир-бирига чегарадош бешта таркибий қисм — Сайгачи, Сайгачи-Белеули, Сайгачи-Дуана, Сайгачи-Жидейли (барчаси Шимолий Устюрт кластерига киради) ҳамда Жанубий Устюртдан иборат.

турон чўллари, умумжаҳон мероси, экология вазирлиги, юнеско

«Бу экотизим ўзининг ноёблигига қарамай, ҳалигача ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон табиий мероси рўйхатига киритилмаганди. Бундай номинациянинг уч давлат томонидан тайёрланиши минтақавий ҳамкорликнинг ёрқин намунаси бўлди», — деди Ўзбекистон Экология вазири Азиз Абдуҳакимов.

Трансноминация досеси лойиҳасини ишлаб чиқиш 2020 йил бошида Марказий Осиё чўл ташаббуси (Central Asian Desert Initiative) лойиҳаси доирасида Экология вазирлиги кўмагида Фанлар академияси, Греифсвалд университети (Германия), Майкл Сукков жамғармаси (Германия), Германия халқаро ҳамкорлик жамияти ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти билан ҳамкорликда бошланган.

Қозоғистон ва Туркманистон билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ушбу номзодноманинг Ўзбекистонга тегишли қисми Экология вазирлиги томонидан тайёрланган.

турон чўллари, умумжаҳон мероси, экология вазирлиги, юнеско

«Мўътадил минтақадаги Турон чўллари»нинг ЮНЕСКО рўйхатига киритилиши ҳудуднинг 1972 йилги Умумжаҳон маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси муҳофазасида бўлишини тақозо этади. Бундан ташқари, объектларни самарали бошқариш, улардаги флора ва фаунани сақлаш ва илгари суриш бўйича илғор халқаро тажрибани ўрганиш, татбиқ қилиш борасида ҳамкорликни янада ривожлантиришга кенг йўл очади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мазкур йиғилишда Буюк ипак йўлининг Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистондаги 31 та объектидан иборат Зарафшон-Қорақум йўлаги ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилганди.