2024 йил 1 июндан янги рақамли хизматлар ва сервислар, қоида тариқасида, биринчи навбатда Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz`нинг мобил иловасида жорий этилади. Бу ҳақда президентнинг 14 сентябрдаги қарорида сўз боради, дея хабар берди Адлия вазирлиги.

Унда келтирилишича, 2024 йил якунигача:

  • Ягона порталда кўрсатилаётган хизматлар сони 700 тага, уларнинг автоматлашганлик даражаси 65 фоизга етказилади;
  • Ягона порталда жорий этилган рақамли хизматлар ва сервисларнинг камида 75 фоизи мобил илова орқали кўрсатилиши йўлга қўйилади.

Шунингдек, қуйидаги махсус порталлар ишга туширилади:

  • 2024 йил 1 январдан рақамли ҳукумат тизими ҳамда унинг аҳоли ва тадбиркорларга тақдим этадиган имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берувчи;
  • 1 июндан республика ҳудудидаги яшил ҳудуд, боғ ва жамоат парклари ҳақида ахборот берувчи;
  • 1 сентябрдан Тошкент шаҳрида жамоат транспорти ҳаракати ҳақида ахборот берувчи.

Шунингдек, шошилинч тезкор хизматлар бўйича аҳолининг чақирувларини қабул қилиш ва уларни тезкор равишда қайта ишлаш бўйича «112» ягона марказлашган диспетчерлик хизмати фаолиятини республиканинг барча ҳудудларида босқичма-босқич ташкил этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади.

2023 йил 1 ноябрдан «охирги миля» тамойили асосида тадбиркорлар билан ҳамкорликда аҳоли хонадонларига кенг полосали Интернет тармоқларини олиб боришга қаратилган ҳамкорлик дастури амалга оширилади. Йил якунигача магистраль телекоммуникация тармоғи ва аҳоли яшаш масканларида қўшимча 50 минг километр оптик толали алоқа линиялари қурилади.