Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни Нью-Йоркда БМТ Бош ассамблеясининг 78-сессиясида сўзлаган нутқида Марказий Осиё минтақасида «минтақавий ўзига хосликни англаш» туйғуси кучайиб бораётганини таъкидлади.

«Сўнгги йилларда Марказий Осиё яхши қўшничилик, барқарорлик, ўзаро ҳамкорлик ва ривожланиш йўлидан бормоқда. Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли Ўзбекистон барча қўшнилари билан давлат чегаралари, транспорт коридорлари ва сувдан фойдаланиш бўйича муаммоларни бартараф этишга муваффақ бўлмоқда», — деди президент.

У сўнгги йилларда минтақа давлатлари ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2,5 баробар, қўшма корхоналар сони эса 5 баробар ошганини таъкидлади.

«Минтақамиз иқтисодий ривожланиш марказига, Шарқ ва Ғарбни, Шимол ва Жанубни боғлайдиган транспорт-коммуникация кўпригига айланиб, унга қизиқиш тобора ортиб бормоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.

Марказий Осиёнинг дунёга очиқлиги — минтақа хавфсизлиги ва барқарор ривожланишини таъминлайдиган энг муҳим шартга айланмоқда, деди у.

«Ишонч билан айтиш мумкинки, бизнинг халқларимизни минтақавий ўзига хосликни англаш туйғуси бирлаштирмоқда ва бу туйғу тобора кучайиб бормоқда. Бизнинг нафақат тарихимиз, балки келажагимиз, ҳаётий муҳим манфаатларимиз ҳам умумий ва муштаракдир. Минтақавий ҳамкорлигимизни кенгайтиришдан бошқа йўлимиз йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас!» — деди Ўзбекистон президенти.

У «халқаро ҳамжамиятнинг қўллови билан Марказий Осиё бирдамлик йўлидан боришда давом этишига» ишонч билдирди.

«Марказий Осиёни тинч ва гуллаб-яшнаётган ҳудудга айлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатида бундан буён ҳам устувор мақсад бўлиб қолади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти ўз нутқида, шунингдек, дунёда «ишонч инқирози» ва «халқаро ҳуқуқдан чекиниш» туфайли юзага келган кескинлик кучайиб бораётганини қайд этганди. У мамлакатларни «умумий манфаатларни мавжуд зиддиятлардан юқори қўйган ҳолда» жипслашишга чақирди.