Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни Нью-Йоркда БМТ Бош ассамблеясининг 78-сессиясида сўзлаган нутқида яна бир бор халқаро ҳамжамиятни Афғонистон халқини қўллаб-қувватлашда давом этишга чақирди.

«Халқаро хавфсизлик Афғонистондаги жараёнлар билан бевосита боғлиқдир», — дейди у. «Ушбу мамлакатда янги вазият вужудга келган бўлиб, у афғон масаласини ҳал этишда ўзига хос ёндашувларни талаб этмоқда».

«Афғонистонни ўз муаммолари билан яна ёлғиз қолдириш катта хато бўлади. Инкор қилиш, яккалаб қўйиш ва санкциялар қўллаш оддий афғон халқининг аҳволини янада оғирлаштирмоқда», — деди президент.

«Афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни сусайтирмаслик лозим, деб ҳисоблаймиз. Афғонистоннинг музлатилган халқаро активларини бу юртдаги ўткир ижтимоий муаммоларни ҳал этишга йўналтириш учун мақбул механизмларни ишлаб чиқишга чақирамиз», — деди у.

«Бизга тинч ва барқарор, минтақавий ҳамкорлик жараёнларида иштирок этадиган, қўшнилари ва бошқа мамлакатлар билан ўзаро манфаатли шериклик учун очиқ Афғонистон керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти жаҳон ҳамжамиятини Афғонистон муаммосини ҳал этишда бирлашишга чақирди.

«Бу борада БМТ раҳнамолигида Афғонистон бўйича биргаликда ишлаб чиқилган, вазиятга мослашувчан ва конструктив позицияни белгилаш принципиал жиҳатдан муҳим, деб ҳисоблайман», — деди у.