18 сентябрь куни UzAuto Motors компанияси Chevrolet Cobalt, Lacetti, Damas va Labo машиналари учун контрактацияни очгани хабар қилинганди. Орадан 3 соатдан камроқ вақт ўтиб компания автомобилларининг қўшимча партияси учун тўлиқ шартнома тузиб бўлинганини маълум қилди.

Контрактация очилган вақт давомида ушбу автомобиль моделларини харид қилиш учун 28 000 дан ортиқ шартнома имзоланди.

Дастлабки хабарда компания ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида барча мавжуд ранглардаги Cobalt, Lacetti, Damas вa Labo автомобилларининг қўшимча партиясини ишлаб чиқариш ва сотиш имкониятларини ишлаб чиққани қайд этилганди.

«Автомобиллар учун шартномани Chevrolet`нинг ваколатли дилерлик марказларида тузиш мумкин. Уларнинг сони эса чекланган», — дейилганди хабарда.

«Агар бир шахс номига йилига бир хил модель учун 2 тадан ортиқ автомобиль харид қилинса, компания шартноманинг 3.1.2 бандига асосан автомобилларни етказиб бериш муддати узайтиради. Шу муносабат билан харидорлардан шартномани имзолашдан олдин унинг барча бандлари билан тўлиқ танишиб чиқишларини илтимос қиламиз», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 4 август куни соат 17:30 да компания автомобиллар учун шартномалар чиқариш қайта тиклангани ва янги конфигурациялар жорий этилганини, 5 август куни соат 15:57 да эса 2023 йил учун қўшимча партияга тўлиқ шартнома тузилганини маълум қилганди.

Орадан вақт ўтиб, UzAuto Motors йил охиригача 50 мингдан ортиқ автомобиль эгаларига топширилишини қайд этган. Компания, шунингдек, 2024 йилдан автомобиллар шартнома тузилган кундан бошлаб уч ой ичида етказиб берилиши ваъда қилган.