19 сентябрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасида жиноий ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга давлатнинг дунёвийлигини мустаҳкамловчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасининг дастлабки муҳокамаси бўлиб ўтди. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар берди. «Газета.uz» Қонунчилик палатаси ушбу қонунни сентябрь бошида қабул қилганини ёзган эди.

Муҳокама чоғида сўнгги пайтларда мамлакатимизда диний соҳа вакиллари томонидан қонуний никоҳ бўлмаса ҳам никоҳ тузишга доир диний маросимларни амалга оширилаётгани таъкидланди. «Бу ўз-ўзидан ижтимоий муаммолар юзага келишига сабаб бўлмоқда», — дейилади хабарда.

Қўмита, шунингдек, айрим диний блогерлар томонидан ижтимоий тармоқларда дунёвий ва диний ҳаёт тарзини олиб борувчи жамият вакиллари орасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган, фақат ўзининг диний қарашларини ифодаловчи ва диний адоватни қўзғатишга қаратилган чиқишлар кўпайиб бораётганини қайд этди.

Тузатишларда миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб бир тоифа фуқароларни бошқа тоифа фуқаролардан устунлигини ёки нуқсонли эканлигини тарғиб қилганлик, никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга оширганлик, кўп хотинли бўлишни тарғиб қилганлик, жинс бўйича камситишни тарғиб қилганлик учун тегишли жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан-очиқ инкор этганлик ҳамда фуқароларни миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб камситганлик ҳамда диний ташкилот томонидан ўзининг уставида назарда тутилмаган фаолият билан шуғулланганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланмоқда.

Қонун билан фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юрганлик учун белгиланган маъмурий жавобгарлик бекор қилинмоқда (истисно — юзни тиббий кўрсатмалар асосида ёки транспорт воситасида хавфсизликни таъминлаш учун махсус бош кийимлар, шунингдек, меҳнат ва хизмат фаолиятини амалга оширишда ёки спорт ва маданий тадбирлар билан боғлиқ бўлган ҳолатлар ҳамда қонун билан тўғридан-тўғри рухсат этилган ҳоллар).

Шу билан бирга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдан «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг эски таҳририда назарда тутилган фуқароларнинг жамоат жойларида диний (намоз) либосида кўриниши учун жавобгарлик ҳам чиқариб ташланди.

Сенат матбуот хизматининг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, диний (намоз ўқиладиган) либос кийиш тақиқланмайди, лекин юзни беркитиб турувчи бош кийим ва шарф ўраш (шахсни аниқлашнинг имкони бўлмаган даражада) жавобгарликка сабаб бўлади.

«Муҳокамалар жараёнида ушбу Қонуннинг қабул қилиниши натижасида жамиятда миллатлараро тотувликни, диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга, дунёвий қадриятларни сақлаб қолишга ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга эришилиши қайд этилди», — дейилади хабарда.