Uzbekistan’s Club нодавлат нотижорат ташкилоти ўзбекистонликлар ҳақидаги янги лойиҳани тақдим этди. Лойиҳа нуфузли хорижий олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ҳақида.

Унинг қаҳрамонлари дунёнинг нуфузли университетларига қандай кириш, имтиҳонларни қандай топшириш, стипендия олиш ва ўқиш пайтида учрайдиган қийинчиликлар ҳақида сўз юритади.

Биринчи қисмнинг премьераси 16 сентябрь куни соат 18:00 да MY5 телеканалида ва Uzbekistan’s Club YouTube каналида бўлиб ўтди. Премьера эпизодининг қаҳрамонлари Буюк Британияда таҳсил олаётган икки талаба: Оксфорд университетининг 36 ёшли магистранти, ўқишни «Давлат сиёсати» (Public policy) йўналиши бўйича тугатган урганчлик «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиати Муштарий Мадраҳимова ва Шарқий Лондон университетининг «Спорт менежменти» йўналиши бўйича магистратурада таҳсил олаётган наманганлик Азизбек Аҳмаджонов. Муштарий Мадраҳимова бир неча йил Ўзбекистон Адлия вазирлигида ишлаган.

O’zbekistonlik.Students ғояси Ўзбекистон ёшларига чет элда ўқиш учун ҳақиқий имкониятлар ҳақида маълумот бериш, шунингдек, ўқиш ва оғир меҳнат билан шуғулланаётганлар дунёнинг энг яхши олий ўқув юртларини забт этишлари мумкинлигини кўрсатишдан иборат. Шоу қаҳрамонлари фақат ўзларининг меҳнатсеварлиги ва тиришқоқлиги туфайли натижага киришга эришган талабалардир.

Лойиҳа Ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги томонидан қўллаб-қувватланди.

Сериал O’zbekistonlik фильмлар серияси ва шу номдаги халқаро форумлар билан машҳур Uzbekistan’s Club жамоаси томонидан суратга олинган.

Uzbekistan’s Club бутун дунё бўйлаб муваффақиятли ўзбекистонликларни бирлаштириш, шунингдек, ўзбекистонликларнинг замонавий, меҳнаткаш ва интеллектуал миллат сифатидаги имижини тарғиб қилиш учун яратилган глобал майдондир, дея таъкидлайди ННТ.