Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев кейинги ҳафтада Америка Қўшма Штатларига жўнаб кетади, деб хабар берди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Давлат раҳбари Нью-Йорк шаҳрида ўз ишини бошлайдиган БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессияси доирасида юқори даражадаги умумсиёсий мунозараларида иштирок этиб, нутқ сўзлайди.

«Президентимиз халқаро ҳамжамиятни нафақат юртимиздаги ислоҳотлар жараёни, инсон ҳуқуқлари, ижтимоий-сиёсий модернизация соҳаларида эришилган натижалар билан таништирадилар, балки ҳам минтақавий, ҳам глобал аҳамиятга эга қатор муҳим ташаббусларни илгари сурадилар», — деди Шерзод Асадов.

Бундан ташқари, Ўзбекистон етакчиси ташриф доирасида АҚШ президентининг таклифига биноан ўтказиладиган «С5+1» форматидаги АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учрашувида қатнашади.

«Марказий Осиё + АҚШ» формати илгари ҳам бўлган, лекин бу сафарги учрашув илк бор олий даражада, давлат раҳбарлари иштирокида ташкил этилади.

Шу кунларда БМТ бош котибининг Европа, Марказий Осиё, Шимолий ва Жанубий Америка бўйича ёрдамчиси Мирослав Енча БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясига тайёргарлик кўриш мақсадида Ўзбекистон делегацияси билан учрашув ўтказганини маълум қилди.

ақш, бмт бош ассамблеяси, нью-йорк, шавкат мирзиёев, шерзод асадов

Фото: twitter.com/JencaMiroslav.

Учрашувда Ўзбекистон президентининг махсус вакили Абдулазиз Комилов, Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ва Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Елдор Арипов иштирок этди. Ўзбекистоннинг устувор йўналишлари, мамлакатнинг минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва иқлим ўзгариши борасидаги саъй-ҳаракатлари муҳокама қилинди, дейди Мирослав Енча.