Европа Иттифоқи давлатлари, Буюк Британия ва АҚШ вакиллари «Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик» партиясини тузишга ҳаракат қилган Хидирназар Аллақулов билан учрашди. Бу ҳақда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси хабар берди.

«14 сентябрь куни Европа Иттифоқи дипломатик миссияси, Франция, Германия, Буюк Британия ва АҚШ элчихоналари расмийлари Хидирназар Аллақулов билан учрашиб, Ўзбекистондаги сиёсий партияларни рўйхатга олиш жараёнини муҳокама қилди», — дейилади АҚШ дипломатик миссияси хабарида.

«Биз Қўшма Штатларда конструктив мухолифат самарали фаолият юритаётган ҳукумат учун муҳим омил деб ҳисоблаймиз. Жаноб Аллақуловнинг сиёсий партияни Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказиш борасидаги саъй-ҳаракатларини муҳокама қилиш имкониятини эса юқори баҳолаймиз», — дея таъкидлайди АҚШ элчихонаси. Бошқа элчихоналар учрашув ҳақида изоҳ бермади.

Август ойида Ўзбекистон Адлия вазирлиги фуқароларнинг имзоси етарли бўлмагани учун «Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик» демократик партиясини давлат рўйхатидан ўтказишни рад этган. Ўзбекистонда партияни рўйхатдан ўтказиш учун 20 минг имзо талаб қилинса, бу партиянинг фақат 2517 та имзоси қонунчиликка мувофиқ деб топилган.

Бунгача Аллақулов май ойида партияни рўйхатидан ўтиш учун ариза берган, бироқ айни шу сабабга кўра рад этилганди.

2021 йил июнь ойида ҳам Адлия вазирлиги имзолар етарли миқдорда бўлмагани сабабли «Ҳақиқат ва тараққиёт» партиясини давлат рўйхатидан ўтказишни рад этган.