Навоий вилояти Зарафшон шаҳри собиқ ҳокими Анвар Ражабов жиноий жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда Kun.uz хабар бермоқда.

Қайд этилишича, 2018−2022 йилларда Зарафшон ҳокими бўлган Ражабов ер ажратиш билан боғлиқ масалада айбдор деб топилиб, озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган.

2023 йил 20 февраль куни жиноят ишлари бўйича Конимех тумани суди у ҳамда 2017−2021 йилларда шаҳар ҳокими ўринбосари лавозимида ишлаган Аслиддин Файзиевга оид жиноий ишни кўриб чиққан. Ҳар икки мансабдор Жиноят кодексининг 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ҳамда 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) билан айбланган.

Суд Ражабов ва Файзиевни 2 йилу 6 ой ҳокимият тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, уларга 3 йилу 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

7 сентябрь куни собиқ ҳоким ва унинг ўринбосари иши вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан апелляция тартибида кўриб чиқилган. Суд ажримига асосан, ҳокимнинг ер ажратиши билан боғлиқ 4 та эпизод жавобгарликка тортиш муддати ўтгани сабабли айб эпизодидан чиқариб ташланган. Биринчи инстанция судида тайинланган жазо ўзгаришсиз қолдирилган.

«Анвар Ражабовнинг судланиши тадбиркорларга аукционсиз ер берилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин, дейилади нашр хабарида. — 2022 йилнинг январида айни шу масалада Ражабов терговга чақирилганди».

Таъкидланишича, ўшанда вилоят прокуратураси томонидан Зарафшон шаҳри ҳокимлиги мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган, ҳокимлик мансабдорлари 5,31 гектар ер участкаларини 7 нафар тадбиркорга ажратиб бериш орқали давлат мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилишда гумонланган.

Маълумот учун, Анвар Ражабов 2018 йил 25 майда Зарафшон шаҳри ҳокими этиб тайинланган. У 2022 йил 19 апрелда президент раислигида ўтказилган видеоселекторда «тизимдаги оқсоқликлар сабабли» лавозимидан олинган.