Айни вақта Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллабай ишлаш тизими натижадорлигини ошириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан видеоселектор бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Давлат раҳбари тизимдаги оқсоқликларни қатъий танқид қилди.

«Ҳали 40 фоиз маҳаллада ҳоким ёрдамчиларининг ишида натижа кўрингани йўқ. Мисол учун, 450 та маҳаллада ишсизлик даражаси 20 фоиздан юқори. Бундай маҳаллалар сони Тошкент вилоятида — 59 та, Фарғонада — 52 та, Андижонда — 45 тани ташкил этиб, қолган ҳудудлардан кўп», — деди президент.

Шу муносабат билан Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, унинг биринчи ўринбосари Хотамбек Шакиров ва солиқ бошлиғи қатъий огоҳлантирилди. Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳокимлари 1-ўринбосарлари лавозимига лойиқлигини кўриб чиқиш топширилди.

Шунингдек қуйидагилар лавозимидан озод этилди:

  • Олтинкўл тумани, Зарафшон шаҳри ҳокимлари;
  • Бекобод, Оққўрғон, Косонсой, Нишон, Избоскан, Қўрғонтепа, Шовот, Тўрткўл, Томди, Тўрақўрғон, Қумқўрғон, Фарғона туманлари, Навоий, Каттақўрғон шаҳарлари ҳокимларининг 1-ўринбосарлари;
  • Кармана, Фориш туманлари прокурорлари;
  • Янгиер, Шаҳрисабз шаҳарлари, Фориш тумани ИИБ бошлиқлари;
  • Нурота, Музработ, Шаҳрисабз, Мирзачўл туманлари солиқ бошлиқлари;
  • республикадан 11 нафар вакил.