Июнь ойидаги кескин пасайишдан сўнг июль ойида автомобиль бозорида сотувлар 17 фоизга ошди. Бу ҳақда автомобиль бозори бўйича Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази шарҳида маълумот берилган.

Июльда автотранспорт воситалари савдоси 144,5 мингтага етди ва ўтган йилнинг июль ойига нисбатан савдо ўсиши 40 фоизни ташкил этди.

Июль ойида сотилган енгил автомобилларнинг умумий сони 20 фоизга ўсиб, 132 мингдан ошди. Энг сезиларли ўсиш Бухоро (36 фоиз), Сирдарё (35 фоиз) ва Сурхондарё вилоятларида (31 фоиз) қайд этилган. Ўтган йилнинг июль ойига нисбатан енгил автомобиллари савдоси 39 фоизга ошди.
автомобиллар бозори, иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, электромобиллар

Ой давомида бирламчи бозорда янги енгил автомобиллар савдоси 19,2 фоизга ошди. Ўтган йилга нисбатан ўсиш 64,5 фоизни ташкил этди. Шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллар сотуви сезиларли даражада ошди ва 29,6 мингта автомобил сотилди (июнь ойига нисбатан 24 фоизга ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 59,3 фоизга кўп).

автомобиллар бозори, иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, электромобиллар

Импорт автомобиллардан 4,9 мингта сотилган ва бу 2022 йил июль ойидаги кўрсаткичдан 2,7 баравар юқори ҳисобланади.

Иккиламчи бозорда сотувлар ой давомида 97,6 мингтани ташкил этди ва бу бир ой олдингига нисбатан 17,6 фоизга кўп, шу билан бирга, ўтган йилнинг июль ойига нисбатан 30 фоизлик сезиларли ўсиш ҳисобланади.

Электромобиллар

автомобиллар бозори, иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, электромобиллар

Ой давомида енгил электромобиллар савдоси 28,9 фоизга ўсиб, 2,7 мингта автомобилни ташкил этди. Энг кўп сотилган электромобиллар Тошкент шаҳрида (1,9 мингта), Тошкент вилоятида (153 та) ва Хоразм вилоятида (117 та) қайд этилди.

Электромобилларнинг бирламчи бозори июнь ойига нисбатан 37,5 фоизга ўсиб, 2,3 мингтани ташкил этди, бу 2022 йил июл ойига нисбатан 4,7 баравар кўп ҳисобланади. Иккиламчи бозорда эса савдо пасайди, ой давомида жами 318 дона электромобиль сотилди (-15,2 фоиз). Лекин, 2022 йил июль ойига нисбатан 67 фоизлик ўсиш кузатилган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга хориждан қиймати 167 миллион долларлик 5403 дона электромобиль олиб кирилганди. Бу ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан 4,85 баравар, 2022 йилдаги жами импортдан эса 2,5 баробар кўп ҳисобланади. Қиймат жиҳатидан кўрсаткич ҳам деярли бир хил ўсган.

Spot хабарига кўра, июнь ойидаги импорт ҳажми билан йил бошидан бери бешинчи марта ойлик максимал кўрсаткич янгиланган. Июнда 1587 та электромобиль импорт қилинди, бу май ойига нисбатан қарийб 25 фоизга кўп.