Самарқанд ва Тошкент вилоятларида жойлашган 2 та тарихий ёдгорликка маҳаллий фуқаролар томонидан зарар етказилди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура ахборот хизмати.

Самарқанд вилояти Иштихон туманида фуқаро О.Т. IV-VIII асрларга оид «Номсизтепа-3» археология ёдгорлигининг 9,6 метр квадрат қисмини ўзбошимчалик билан бузган. Бундан хабар топилгач, тарихий ёдгорликнинг 652 метр квадрат майдони сақлаб қолинган.

Шунингдек, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган илк ўрта асрларга оид «Қўшқўрғонтепа» археологик ёдгорлигининг 7,4 метр квадрат тупроқ қисми маҳаллий фуқаролар томонидан ноқонуний равишда кесиб олинган. Бу объектнинг 492 метр квадрат майдони сақлаб қолинган.

Ёдгорликларга етказилган жами 288 млн сўм зарар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Сурхондарёнинг Шўрчи туманидаги маданий мерос объектлари ҳудудларида ғишт ишлаб чиқарилаётгани, тупроғидан молхона ва ҳожатхона қурилгани аниқланганди. Бунинг оқибатида ёдгорликларга 3,1 млрд сўмлик зарар етказилган.