Сурхондарё вилоятида тарихий ёдгорликларни муҳофаза қилиш ва сақлашга доир қатор қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.

Шўрчи тумани ҳокимлиги мансабдор шахслари «ўз вазифаларига лоқайдлик ва виждонсизларча» муносабатда бўлгани оқибатида маданий мерос объектларига 3,1 млрд сўмлик зарар етказилган.

Хусусан, 2022−2023 йилларда «М.» хусусий корхонаси раҳбари Х.М. ва бошқалар «Янгиариқ» маҳалласидаги VII асрга оид «Жартепа» археологик ёдгорлиги ҳудудида ғишт ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиб, 1,8 млрд сўмлик зарар келтирган.

Фуқаро Э.М. ва бошқалар «Катта Совур» маҳалласидаги VI-VIII асрларга оид «Қоровултепа» археологик ёдгорлиги тупроқларидан молхона қуриб олган ва объектга 693 млн сўмлик зарар етказган.

Шунингдек, фуқаро Т.Т. ва бошқалар «Соуртепа» маҳалласидаги I-V асрларга оид «Савуртепа-2» археологик ёдгорлиги тупроқларидан молхона, ҳожатхона қургани оқибатида 670 млн сўмлик зарар етказилган.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Денов туманидаги I-ХII асрларга оид археологик ёдгорликка 13 млрд сўмлик зарар етказилгани аниқланганди.