АҚШ Эроннинг халқаро банкларда музлатилган 6 млрд долларлик активларини маҳбуслар алмашинуви доирасида Америка санкцияларини бузмаган ҳолда Жанубий Кореядан Қатарга ўтказишга рухсат берди, деб ёзмоқда The Wall Street Journal (WSJ).

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 11 сентябрь куни Конгрессни Эронга нисбатан санкциялар қисман бекор қилингани ҳақида хабардор қилди, деб ёзади нашр.

Эрон маблағларининг озод қилиниши Эрон беш нафар қамоққа олинган америкаликни, АҚШ эса Америка қамоқхонасидаги беш нафар эронликни озод қилишни кўзда тутган келишувнинг бир қисми ҳисобланади.

«Қўшма Штатлар ва Эрон Қатар кўмагида Эронда ҳибсга олинган беш нафар АҚШ фуқаросини озод қилиш бўйича билвосита консуллик мулоқотига киришди… Уларни озод этишни тезлаштириш учун Қўшма Штатлар ҳозирда беш нафар Эрон фуқаросини озод қилиш ҳамда Корея Республикасидаги ёпиқ ҳисоб рақамларида сақланаётган тахминан 6 млрд долларлик Эрон маблағларини Қатардаги ёпиқ ҳисоб рақамларига ўтказишга рухсат бериш мажбуриятини зиммасига олди, бу маблағлар фақат гуманитар савдо учунгина фойдаланиш мумкин бўлади», — дейилади Блинкеннинг қонунчиларга йўллаган мактубида.

АҚШ Давлат департаменти аввалроқ Вашингтон маблағлар қандай ишлатилишини назорат қилишига аниқлик киритган эди. «Бу Эроннинг пули. Эронга бундай маблағлардан инсонпарварлик мақсадларида фойдаланишга рухсат бериш АҚШнинг узоқ йиллик сиёсатига мос келади, санкцияларимиз уларнинг ҳукумати қанчалик норози ёки муаммоли бўлишидан қатъи назар, оддий одамларга инсонпарварлик товарлари ва хизматлар етиб боришига тўсқинлик қилмаслигини таъминлайди», — деган эди ўша пайтда Давлат департаменти расмийси.

Америкадаги қамоқхонани тарк этадиган эронликлар орасида тадбиркорлар Сиамак Намози ва Эмад Шарги, шунингдек, тадбиркор ва экофаол Морад Таҳбаз ҳам бор, деб ёзди The New York Times.

Келишув доирасида қўйиб юборилган бошқа икки АҚШ фуқаросининг шахси уларнинг оилалари илтимосига кўра сир сақланмоқда. Нашр манбаларига кўра, улардан бири олим, иккинчиси тадбиркор. Газетанинг аниқлик киритишича, уларнинг барчаси «жосусликда асоссиз айбланиб» қамоққа ҳукм қилинган.

Август ойи ўрталарида Эрон ҳукумати озод этилган америкаликларни Теҳрондаги қамоқхонадан уй қамоғига ўтказди. АҚШ бунинг эвазига Эрон томонига кимни топшириши номаълум қолган эди.

Жанубий Корея банк ҳисобларида музлатилган Эрон активлари Жанубий Корея нефть сотиб олиш учун Эронга ўтказиши керак бўлган тўловлардир. Ядровий келишувдан чиққанидан сўнг, Қўшма Штатлар Теҳронга қарши санкциялар киритди ва кейинроқ Эроннинг саккиз йирик нефть импортчисига, жумладан Жанубий Кореяга Эрондан энергия сотиб олишни тақиқлади. Натижада, нефть импорти учун мўлжалланган маблағлар музлатилган эди.

Financial Times аввалроқ АҚШ Эрондан санкцияларни юмшатиш эвазига Украинадаги урушда фойдаланадиган Россияга ҳужум дронларини етказиб беришни тўхтатишга интилаётгани ҳақида хабар берган эди.