Тошкентда ҳар куни 3 тоннага яқин нон маҳсулотлари ахлатга ташланади. Бу ҳақда ЎзА «Махсустранс» ишлаб чиқариш бошқармаси бош инспектори Исмоил Сагдуллаевга таяниб хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда пойтахтда энг кўп чиқиндига ташланадиган маҳсулот бу — нон ва озиқ-овқат маҳсулотларидир. Бу маҳсулотларни йилдан-йилга чиқиндига ташлаш ҳолатлари ортиб бормоқда.

«Тошкент шаҳрида бир кунда 2300 тонна чиқинди йиғиб олинса, шундан 3 тоннага яқини нондан иборат», — дейди у.

2022 йил апрель ойида Адлия вазирлиги пойтахтда ҳар куни 2 тонна нон маҳсулотлари ахлатга ташланиши ҳақида хабар берган эди.

Ўшанда Адлия вазирлиги хайрия фаолияти учун солиқ имтиёзларини жорий этиш, озиқ-овқат алмашиш платформаларини (одатда яроқлилик муддати тугаш арафасидаги маҳсулотларни тарқатиш) ва озиқ-овқат банкларини ривожлантириш, шунингдек, маҳсулотларнинг яроқлилик муддатини аниқлаш тизимини такомиллаштиришни таклиф қилган эди.