Ўзбекистонда 2024 йил 1 майдан аҳоли учун электр энергияси ва газ нархларини ошириш режалаштирилмоқда. Лекин тарифларни оширишдан олдин узлуксиз ва кафолатли энергия таъминоти шаклидаги мажбуриятни бажариш зарур, деди энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов «Газета.uz»га берган интервьюсида.

Унинг сўзларига кўра, бу янги электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилиши ва куз-қиш мавсуми якунлари бўйича натижаларга боғлиқ бўлади.

«Бу натижалар ҳисобига биз, аввало, энергия ресурсларини кафолатли етказиб беришимизни исботлашимиз керак, кейин эса тарифларни ошириш бўйича бу таклифни кирита оламиз, деб ўйлайман», — деди у.

Йил охиригача Саудия Арабистонининг ACWA Power компаниясининг комбинацияланган циклли газ турбиналарига эга қуввати 1500 МВт бўлган иссиқлик электр станцияси ишга туширилиши кутилмоқда. Объект Сирдарё вилоятида қурилмоқда. Унинг қиймати 1 миллиард долларга баҳоланган.

«Сирдарё ИЭСдаги ускуналар энг замонавийлари ҳисобланади. Келаси ҳафта биз генераторларни биринчи марта ёқишни режалаштиряпмиз», — деди у.

Бундан ташқари, 1900 МВт қувватга эга қуёш электр станциялари ва 100 МВт қувватга эга шамол станциясини (Masdar) ишга тушириш режалаштирилмоқда. Параллель равишда ACWA Power томонидан иккита электр станциясини қуриш ишлари давом этмоқда.

«У ерда ҳам турбиналар ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда, бироқ „Қоракўл“ подстанциясига катта линия қурилиши ҳисобга олинса, бу кўпроқ вақт талаб қилади. Улар келгуси йилда ишга туширилади. Уларнинг режасига, мажбуриятларига кўра, объектни 2024 йилнинг иккинчи ярмида фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда, лекин биз ҳозир [станцияни] биринчи яримйилликда ишга тушириш устида ишлаяпмиз», — деди вазир.

Умумий ҳисобда келгуси йилда 2,5 ГВт қувватга эга қуёш ва шамол станцияларини ишга тушириш режалаштирилмоқда. Шунингдек, мавжуд станцияларни лойиҳасидаги қувватига етказиш, шунингдек, тахминан 200 МВт қувватга эга ГЭСларни ишга тушириш ҳам назарда тутилган.

«Бу бугунги кунда томларга 350 МВтдан ортиқ қувватга эга фотоэлектрик панеллар ўрнатилганини ҳисобга олмаган ҳолатдаги кўрсаткич ҳисобланади. Бунга корхоналар, бюджет ташкилотлари, аҳоли, юридик шахслар киради. Шунингдек, бу кўрсаткичларда биз мавжуд иссиқлик электр станцияларини модернизация қилаётганимиз ҳам ҳисобга олинмаяпти. Кичик когенерация ўрнатмаларини ишга туширишимиз ҳам бунинг ичига кирмайди», — деди Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги Оқтепа массивида электр ва иссиқлик энергиясини бир вақтда ишлаб чиқарадиган когенерация ўрнатмаси (мини ИЭС) қурилди.

«Биз комплекс ёндашувни амалга оширдик. Мазкур иссиқлик тармоқларига уланган 40 дан ортиқ уй-жойлар, иссиқлик тармоғининг уйларга кириш қисми ва кўтаргич трубалар модернизация қилинди. Бу индивидуал иситиш нуқтаси (ИИН) деб аталади ва ёпиқ циклни назарда тутади … Илгари сув тўкиб юборилган ва иссиқлик йўқотилган. Ҳозирда иссиқлик алмаштиргичлар уйларнинг ўзига ўрнатилмоқда, бунинг ҳисобига уларнинг фойдали иш коэффициенти ошади», — деди у.

Энергетика вазирлиги раҳбари айни пайтда пойтахтдаги ТЦ-3 ва ТЦ-4 қозонхоналари модернизация қилинаётганини, уларда табиий газ босими пасайганда «мазут билан тўлдириш» назарда тутилаётганини таъкидлади, яъни захира ёқилғиси ҳам шакллантирилмоқда.

«Ўтган йил қандай бўлганди? Қувват бор, лекин газ босимини таъминлай олмаймиз ёки мазут етишмаяпти. Шунинг учун биз мазут захирасини шакллантиряпмиз. Ерости газ омборларини қуряпмиз. Шайхонтохур туманидаги иссиқлик маркази учун алоҳида, аҳолидан ажратилган ҳолда газ қувури ўтказдик. Яъни комплекс ишлар шу зайлда кечмоқда. Шу сабабли биз 4000 МВт ишлаб чиқариш қуввати ҳақида гапирганда, буларнинг барчасини олдиндан ҳисобга оляпмиз», — деди Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Йил бошида вазир қиш мавсумига тайёргарлик доирасида газ истеъмолининг қарийб 8−10 фоизи ҳиссасига тўғри келувчи қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар ва иссиқхоналарни кўмирга ўтказиш режалаштирилаётганини айтганди. Шунингдек, у Хитойнинг лойиҳаларни қисқа муддатда амалга ошириш имкониятига эга бўлган энергетика компаниялари 2 ГВт қувватга эга муқобил энергетика объектларини қуриш лойиҳаларига жалб этилишини таъкидлаганди.

«Ушбу станциялар тўлиқ қувватга киргунга қадар ярим қувватда, яъни 1 ГВт қувватда ишлаган тақдирида ҳам кундузи электр энергиясидан фойдаланиш, компрессор станцияларига юкламани камайтириш ва газ тўплаш имконини беради. Кейин эса кечқурун юқори босим билан газ бериши мумкин бўлади», — дея тушунтирди Жўрабек Мирзамаҳмудов.