Хитойнинг PowerChina International Group Limited компанияси Андижон туманида 400 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станциясини (ҚФC) қуради, дея хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Бу борадаги келишув 31 июль куни Энергетика вазирлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги ва PowerChina компанияси ўртасида имзоланган.

Қурилиш ишлари сентябрь ойида бошланиши, қуёш фотоэлектр станциясининг дастлабки 100 МВт қуввати 2024 йил 1 апрелга қадар, тўлиқ қуввати эса 30 ноябргача ишга туширилиши режалаштирилган.

Мазкур қуёш фотоэлектр станцияси ишга тушгандан сўнг йилига 700 млн кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. 212 млн куб метр табиий газ тежалади ва атмосферага 294 минг тонна зарарли иссиқхона газларининг чиқиши олди олинади.

Таъкидланишича, ушбу лойиҳа учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда фойдаланилмайдиган ер майдонлари танланган.

Лойиҳа қиймати очиқланмаган, бироқ «Газета.uz»даги маълумотларга кўра, президент Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга ташрифи чоғида қиймати 400 млн долларлик лойиҳани амалга ошириш бўйича меморандум имзоланган. Одатда, бундай шартномалар инвестор томонидан лойиҳанинг молиялаштирилишини назарда тутади ва давлат маълум бир муддатга (одатда 25 йилга) электр энергиясини сотиб олиш мажбуриятини олади.

Бундан ташқари, Хитой компанияси Тошкент вилоятида 260 миллион долларга қуввати 300 МВт бўлган фотоэлектр станциясини ҳам қуришни режалаштирган.

Қайта тикланадиган энергия бўйича сўнгги шартномалар тўғридан-тўғри, тендерсиз имзоланади. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов аввалроқ бундай шартномалар нафақат Хитой компаниялари, балки бошқа мамлакатлар корхоналари билан ҳам имзоланганини таъкидлаган.

«Бу ерда [лойиҳаларни] иккига бўлишимиз керак. Тўғридан тўғри музокаралар ва тендер. Охирги тендерни кўрдингиз, қанча вақт кетди. Қачон лойиҳа ишга тушади? Тарифни кўрдингиз, 3,5 цент нарх билан Masdar компанияси тендерда ғолиб чиқди. Мана шуни айтмоқчиманки, биз [Хитой компаниялари билан] келишган нархлар бундан анча паст», — деган у Kun.uz`га берган интервьюсида.

Унинг сўзларига кўра, тўғридан тўғри музокаралар бўлгани учун лойиҳани амалга ошириш муддатини қисқартиришга эришилган.

«Февралда музокаралар бошлаган бўлсак, март ойида дастлабки келишувга эришдик. Май ойида президент қарори чиқди, ҳозир майдонда қурилиш ишлари бошланди. Бухоро ва Қашқадарёда Хитой компанияси 200 MWдан 400 MWгача қувватни жорий йил якунига қадар ишга тушириш мажбуриятини олди. Ёки ACWA Power’ни айтсак, 100 MW қувватни йил якунига қадар Тошкент вилояти Қибрай туманида ишга туширади», — деди Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Вазир тўғридан тўғри музокаралар орқали келишилган тарифларни очиқлай олмаслиги (тарифлар тендерларда очиқланган), лекин бу тарифлар «охирги тендерлардаги нархдан арзон эканини» билдирган.