Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 25 август куни АҚШ Сенати Миллий хавфсизлик ва ҳукумат ишлари бўйича қўмитаси раиси Гэри Питерсни қабул қилди, дея хабар қилмоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда амалий ҳамкорликни, энг аввало, икки мамлакатнинг парламентлараро мулоқоти доирасида кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзаро алоқалар ва алмашинувлар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Икки томонлама савдо кўрсаткичлари ўсмоқда, АҚШнинг етакчи компаниялари иштирокидаги муваффақиятли кооперация лойиҳалари кўпаймоқда. Муҳим гуманитар дастурлар амалга оширилмоқда.

Устувор йўналишларда қўшма лойиҳаларни илгари суриш мақсадида парламентлараро ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Минтақавий кун тартибидаги масалалар, шу жумладан АҚШ Президенти ташаббуси билан Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси тадбирлари доирасида ўтказиладиган «C5+1» форматидаги биринчи саммитга тайёргарлик кўриш юзасидан фикр алмашилди.

Бошқа учрашувлар

Фото: Сенат матбуот хизмати.Фото: Сенат матбуот хизмати.

Бундан ташқари, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева 25 август куни АҚШ Конгресси Сенати аъзоси, сенатор-демократ Гэри Питерсни қабул қилди.

Ўзбекистон-АҚШ ҳамкорлигининг кенг доираси хусусан, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, меҳнат муносабатлари, гендер тенглиги соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Очиқ мулоқот ва ўзаро ишончга асосланган Ўзбекистон-AҚШ кўп қиррали ҳамкорлиги жадал ривожланаётгани, икки томонлама муносабатлар сиёсат, хавфсизлик, иқтисод ва инсон ҳуқуқлари йўналишлари бўйича Стратегик шериклик мулоқот даражасига кўтарилгани қайд этилди, дейилади хабарда.

Суҳбат давомида иқтисодий ҳамкорлик масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Икки томонлама стратегик шерикликни мустаҳкамлашга таркибига 38 та етакчи компания кирадиган Aмерика-Ўзбекистон савдо палатаси салмоқли ҳисса қўшаётгани, 2023 йилнинг январ-июл ойларида товар айирбошлаш ҳажми 321,5 миллион долларни ташкил этгани таъкидланди. Инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва икки давлат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, меҳнат муносабатлари йўналишидаги ҳамкорликни изчил давом эттириш, бунда муносиб меҳнат шароитларини яратиш, меҳнат соҳасига халқаро стандартларни жорий этиш каби масалаларда доимий маслаҳатлашувларни олиб боришга келишиб олинди.

Маълумки, Ўзбекистон-AҚШ муносабатлари нафақат икки томонлама ҳамкорлик доирасида, балки кўп томонлама форматларда ҳам ўзаро манфаатларни инобатга олган ҳолда мустаҳкамланиб бормоқда. Шу жумладан «Марказий Осиё — AҚШ» C5+1 форматидаги Мулоқот ҳам. Ушбу формат доирасида келгуси йилда Aмерика томони (ЮСAИД) билан тадбиркор аёлларнинг C5+1 форматида ўтадиган Халқаро форум, унда тадбиркор аёлларнинг фаол иштироки масалалари ҳам муҳокама қилинди.

гэри питерс, бахтиёр саидов, танзила нарбаева, шавкат мирзиёев, ақш

АҚШ делегациясини ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ҳам қабул қилди. Музокаралар кун тартиби икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг турли мавзуларини қамраб олди.

«Ўзбекистон президенти раҳбарлигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар дастурини доимий қўллаб-қувватлаётгани учун Америкалик ҳамкорларимиздан миннатдормиз. Сенатор Гари Питерснинг Ўзбекистон тадбиркорларининг Мичиган штати ва АҚШ бизнес вакиллари билан алоқаларини мустаҳкамлашга тайёрлигини қадрлаймиз», — деб ёзди у Telegram-каналида.