Термиз шаҳрида 1000 ададда нашр этилаётган «Сурхон овози» газетасида 5 сентябрь куни бош муҳаррир Қурбон Жўраназаровнинг Ўзбекистон Халқ демократик партияси етакчиси Улуғбек Иноятовга мурожаати эълон қилинди. Биринчи саҳифада унинг сурати билан эълон қилинган мақола Ўзбекистон босма нашрлари учун ноодатий кескин ва тўғридан-тўғри бўлган баёнот сифатида ўқувчилар эътиборини тортди.

«Истеъфога чиқмайсизми, жаноб?» номли мурожаат «Бетга айтганнинг заҳри йўқ» рубрикасидан ўрин олган. Мақоланинг тагсарлавҳасида шундай дейилади: «Ўзбекистон ХДП марказий кенгаши раиси, 9 июль куни бўлиб ўтган сайловда президентликка номзод сифатида қатнашган Улуғбек Иноятовга мурожаат».

сайлов-2023, улуғбек иноятов, хдп, сурхон овози

«Улуғбек Илясович! Сайлов ҳам кураш майдонидир. Мард майдонга тушади. Майдонга тушган ор учун ҳалол курашмоғи лозим. Ўшанда элнинг олқишига сазовор бўлади», — деб бошлайди муаллиф.

«Рақибдан қўрққан, ҳайиққан майдондан нарироқ юргани маъқул. Қандайдир манфаатни кўзлаб, шунчаки номига кўриниш бериш уят эмасми? Нима қилади ўзини ҳам, бошқаларни ҳам аҳмоқ қилиб?» — сўрайди Қурбон Жўраназаров.

«Жамоатчилик президентликка номзодлардан ҳокимият тизими фаолияти ва бир-бирининг дастурини тафтиш қилиш ҳамда холис танқид қилишни кутишга ҳақли. Жамиятдаги муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида эркин фикр юритилганда, нур устига нур бўларди», — дея таъкидлайди у.

«Ўтган президент сайлови жараёнларида фикрлар хилма-хиллиги сезилмади. Сиёсий рақобат муҳити яратилмади. Хуллас, ҳаммаси хамирдан қил суғургандек силлиққина кечди», — дейди газета бош муҳаррири.

«Беихтиёр аллақайси кинода „Бағдодда ҳаммаёқ осойишта. Тинчгина яшайверинглар“, деган гаплар хаёлдан ўтади. Бунга президентликка номзод сифатида сиз ҳам, Улуғбек Илясович, муносиб „улуш“ қўшдингиз, албатта», — дейди муаллиф.

«Сайловолди дастурингизда ҳеч қандай янги фикр, янги ғояни кўрмадик. Қуруқ сафсатадан нарига ўтилмади ва шунга яраша «мукофот»ини ҳам олдингиз. Овоз бериш натижалари бунинг далилидир», — деб ёзади Қурбон Жўраназаров.

«Сайловда, маълумотларга кўра, атиги 4,02% овоз олиб, номзодлар орасида охирги ўринга тушиб қолишингизга бир бахя қолди, холос. Бу сиз раҳбарлик қилаётган партия учун шармандали ҳолат эмасми?» — деб сўради у.

«Чинакам демократик давлатларда сайловда мағлубиятга учраган партия етакчиси дарҳол ўз хоҳиши билан лавозимидан воз кечади», — дейди муаллиф.

«Улуғбек Илясович! — давом этади бош муҳаррир. «Сизнинг сайлов жараёнларидаги бефарқлигингиз туфайли ХДП мавқеига путур етказилди. Партиядошларингиз, қолаверса, сайловчилар ишончини оқлай олмадингиз», — дейилади мақолада.

«Шундай экан, партия марказий кенгаши раиси вазифасидан истеъфога чиқсангиз (Бизда-ку бундай анъана йўқ. Сиз бошлаб берсангиз, зап иш бўларди-да), марднинг иши бўлар эди. Бу менинг шу юрт фуқароси, сайловчи сифатидаги шахсий фикрим», — дейди муаллиф.

«Сиз нима деб ўйлайсиз, жаноб?!» — дея мурожаатини якунлайди Қурбон Жўраназаров.