Республика перинатал марказида қашқадарёлик аёл 4 эгизакни дунёга келтирди, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

7 сентябрь куни Қашқадарё вилоятида яшовчи 29 ёшли Мафтуна Тошева ҳамда унинг турмуш ўртоғи Мурод Тошназаров бирйўла 4 нафар эгизакнинг ота-онасига айланган.

Чақалоқлар кесарча усулида туғилди, уларнинг оғирлиги 1484, 1804, 1554 ва 1950 граммга тенг. Ҳозирда гўдакларнинг аҳволи яхши. Уларнинг зарур витаминлар ҳамда она сути билан озиқланиши неонатолог-шифокор ва ҳамширалар назорати остида, дейилади хабарда.

эгизаклар

Қайд этилишича, бу 2023 йил Республика перинатал марказида 4 нафар эгизаклар туғилиши билан боғлиқ илк ҳолатдир.

Ички ишлар вазирлигининг Postda нашрига кўра, чақалоқларнинг отаси Мурод Тошназаров (31 ёш) Қарши шаҳридаги «Равоқ» маҳалласи профилактика инспектори ёрдамчиси бўлиб ишлайди. У аёли билан 2019 йилда турмуш қурган.

2019 йилда Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида, 2022 йилда эса Самарқанд туманида 4 нафар эгизак туғилгани ҳақида ёзгандик.