2 ноябрь куни Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманида яшовчи 32 ёшли аёл 4 нафар эгизак фарзандли бўлди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги она ва болаларни назоратга олганини маълум қилди.

У 29 октябрь куни Самарқанд вилоят перинатал марказига олиб келиниб, зудлик билан марказнинг реанимация бўлимига ётқизилган. Аёлга «Ҳомиладорлик 4-даража. Преэклампсиянинг оғир даражаси. Сурункали пиелонефритнинг хуруж даври. Резус манфий қон. Кўп сувлилик. Анемиянинг оғир даражаси» ташхиси қўйилган.

Марказ директори Лола Ҳамроева унда туғуруқдан олдинги ҳомила профилактикаси, гемотрансфузия ва антибактериал терапиялар амалга оширилганини маълум қилди.

2 ноябрь куни такрорий кўрик натижаларига асосан, аёлнинг тиббий аҳволи ҳисобга олиниб, туғуруқ оператив йўл билан бажарилди ва тўрт нафар соғлом чақалоқ туғдириб олинди.

Фото: ССВ

  • Улардан икки нафари қиз — бири бўйи 42 см, 1860 гр вазн билан, иккинчиси бўйи 43 см, 2060 гр вазн билан дунёга келди.
  • Икки нафари ўғил чақалоқ — бўйи 43 см, бири 2090 гр, иккинчи эса 1800 гр вазн билан туғилди.

Жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди. Оғир туғуруқ жараёнидан сўнг онанинг умумий аҳволи ўтказилган жарроҳлик амалиётига мос бўлиб, у ва болаларининг ҳолати Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан назоратга олинди. Айни пайтда барча керакли муолажалар давом эттирилмоқда, дейилади хабарда.