Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида яшовчи Жўраевлар хонадонида, бир йўла 4 нафар эгизак фарзанд дунёга келди. Ўтган йили турмуш қурган Шоира Жўраева Бекобод шаҳридаги фармацевтика заводида кичик ходим, Бекзод Жўраев эса Ўзбекистон металлургия комибинатида инженер.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

«Қувончимни, ҳаяжонимни ҳеч қандай сўз билан изоҳлай олмайман, — дейди она Шоира Жўраева. — Даставвал 4 нафар эгизак кутаётганимни эшитганимда ҳам хурсанд бўлдим, ҳам қўрқдим. Шифокорлардан миннатдорман. Мен билан елкама-елка туриб, яқин жигарларидек ғамхўрлик кўрсатишди. Фарзандларим эсон-омон туғилишида ёрдам беришди»

«Шоира Жўраева ҳомиладорликнинг бошланишидан турар жойидаги тиббиёт муассасасида назоратга олинган, — дейди марказнинг ҳомиладорлар патологияси бўлими бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Дилфуза Ҳайитова. — Унда эрта туғруқ хавфи бўлгани учун август ойининг охирида Бекобод шаҳридан марказга ўтказилди. То туғруққача унга замонавий перенатал технологиялар бўйича барча ёрдам кўрсатилди. Шифокорларнинг тажрибаси сабабэрта туғруқнинг олди олиниб, туғруқни 34 ҳафтага олиб боришга эришилди. Болаларни соғ-саломат она қўлига топшириш чора-тадбирларини белгилаш мақсадида одатдагидек марказ директори, ўринбосари ҳамда барча мутахассислар иштирокида туғруқ режаси тузилди. Туғруқ жараёни учун барча замонавий аппаратлар шай ҳолатга келтирилиб, 21 сентябр куни аёл жарроҳлиқ амалиётига режали равишда олинди».

Тиббиёт тарихида камдан-кам кузатиладиган кўп ҳомилали операцияларнинг асоратли эҳтимоли жуда кучли бўлади. Яъни бу жараёнда бачадондан қон кетиб, аёлнинг аҳволи оғирлашиши мумкин. Шу боис барча зарурий тайёргарликлар кўрилди. Ҳар бир болага тўлиқ тиббий ёрдам кўрсатиш учун алоҳида мутахассислар ва аппаратлар тайёрланди, дейилади хабарда.

Шу тариқа акушер генеколог, неанотолог, реаниматолог, анистезиолог каби мутахассислардан таркиб топган ўн кишиданиборат малакали гуруҳ операцияда иштирок этди. Туғруқнинг асоратсиз ўтиши учун жарроҳлиқ амалиёти сўнгги перенатал технологиялар бўйича олиб борилди. Салкам бир соат давом этган операция муваффақиятли кечди. Ҳозирда чақалоқларнинг уч нафари интенсив болалар бўлимида. Бир нафарининг аҳволи эътиборталаб бўлгани учун чақалоқлар реанимацияси бўлимида кузатув ва интенсиз даволаш жараёнида.

Онанинг аҳволи анча яхши. У операция столидаёқ тўрт нафар боласи, яъни икки ўғил ва икки қизалоқни бағрига олди. Болаларни парваришлашда бевосита ўзи иштирок этмоқда.

Ўша куни Тошкентда истиқомат қилувчи 7 йилдан буён фарзанд кутаётган Жавдат ва Умида Мамадиевлар оиласида бир эмас, 3 нафар фарзанд, яъни бир ўғил ва икки қиз дунёга келди.Хабарда қайд этилишича, Умида Мамадиева ҳам Республика Перенатал марказида режали равишда туғруққа тайёрланди. Тўлиқ таркибдаги гуруҳ иш олиб борди. Ҳозирда болаларнинг аҳволи яхши. Она болалар парвариши билан машғул.