30 август куни «Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш ва соҳа вакиллари фаолиятини қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида»ги президент қарори [ПҚ-289-сон] қабул қилинди, деб хабар берди «Норма».

Ҳужжатга кўра, 2023 йил 1 октабрдан бошлаб Ўзбек миллий мақом санъати маркази ва унинг ҳудудий бўлимлари бошқарув, илмий ва ижодий ходимларининг янгиланган ойлик иш ҳақи миқдорлари жорий этилади.

Марказнинг алоҳида шахсий ғазна ҳисобварағи ҳисобидан устамаларни белгилаш тартиби жорий этилмоқда. Бунда устамалар марказ ходимлари фаолиятининг қуйидаги йўналишларида эришилган натижалари асосида белгиланади:

  • республика ҳудудларида ва хорижий давлатларда гастроль концерт-томоша тадбирларида қатнашиш;
  • мумтоз мусиқа йўналишида мақом намуналарига хос асарларни яратиш ва уларни нотага олиш;
  • мақом ва бастакорлар томонидан басталанган асарларни такомиллаштириш;
  • ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали соф ва мукаммал ижродаги мақомларни тарғиб этиш;
  • мумтоз мусиқа меросига оид илмий мақолалар чоп этиш, изланишлар олиб бориш, китоблар ва тўпламлар яратиш;
  • мақом ва бастакорлар томонидан басталанган асарларнинг замонавий оҳангдаги караокеларини яратиш;
  • «устоз-шогирд» анъаналарини давом эттириш, мақом санъатини ривожлантиришга қаратилган бошқа йўналишлар.

Ҳужжат билан 2023−2025 йилларда қуйидагиларни ташкил этиш режалари тасдиқланди:

  • Ўзбек миллий мақом санъати маркази ва унинг ҳудудий бўлимлари мақом ансамблларининг маҳаллий гастроль сафарларини ташкил этиш режаси;
  • Ўзбек миллий мақом санъати маркази ва унинг ҳудудий бўлимлари мақом ансамблларининг корхона ва ташкилотларга гастроль сафарларини ташкил этиш режаси;
  • Ўзбек миллий мақом санъати маркази ва унинг ҳудудий бўлимлари мақом ансамблларининг хорижий гастроль сафарларини ташкил этиш режаси.

Ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2023 йил 5 сентябрдан кучга кирди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбек миллий мақом санъати марказини давлат муассиси тарзида ташкил этиш президентнинг 2017 йилнинг ноябридаги қарорида кўзда тутилган эди. Марказни ташкил этишдан кўзланган мақсад — ўзбек мақом санъатини чуқур ўрганиш, ўзига хос ижро мактаблар ва анъаналарни янги босқичда равнақ топтириш, унинг «олтин фонди»ни яратиш ва бойитиш, халқаро нуфузини ошириш ва кенг тарғиб қилишдан иборат.

Тошкентда Мақом маркази қурилишига бюджет маблағларидан 93 млрд сўм ажратиш режа қилинганди.