Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўзбек миллий мақомчилик санъатини ривожлантириш тўғрисидаги қарорни имзолади.

«Халқимиз маданий меросининг ажралмас қисми бўлган миллий мақом санъати ўзининг қадимий тарихи, теран фалсафий илдизлари, бетакрор бадиий услуби ва бой ижодий анъаналари билан маънавий ҳаётимизда муҳим ўрин эгаллайди», - дейилади ҳужжатда. «Шошмақом» ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси сифатида эътироф этилган.

Қарорда ўзбек мақом санъатини чуқур ўрганиб, ўзига хос ижро мактаблари ва анъаналарни янги босқичда равнақ топтириш, унинг «олтин фонди"ни яратиш ва бойитиш, халқаро нуфузини ошириш ва кенг тарғиб қилиш мақсадида давлат муассасаси шаклида Ўзбек миллий мақом санъати марказини ташкил этиш кўзда тутилган. Ҳужжат билан ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантиришга доир чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Янги марказ Ўзбекистонда мақом санъатини янада ривожлантириш, бу борада шаклланган ижро ва ижодий мактаблар ва анъаналарни, буюк бастакорлар, ҳофиз ва созандалар меросини чуқур илмий асосда ўрганиш ва қайта тиклаш ҳамда мумтоз мусиқа мероси намуналарини нотага олиш, мавжуд ёзувларни такомиллаштириш ва амалиётга жорий этиш, мақом санъатининг ижтимоий-тарихий илдизлари, илмий-назарий негизлари, миллий ва умумбашарий қадриятлар билан боғлиқ жиҳатларини маҳаллий олимлар ва чет эллик мутахассислар иштирокида чуқур ўрганиб, янги илмий тадқиқотлар яратиш билан шуғулланади. Шунингдек, мақом санъатининг кўп асрлик ижро йўлларини пухта ўзлаштириб, уларни янгича усуллар билан бойитиб, ёш авлод вакилларига ўргатиб келаётган мақомчилар, мақомшунос илмий-педагог олимлар ва мутахассислар, Мақом маркази ходимлари фаолиятини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, тажриба алмашувлари, анжуманлар, концертлар ва маҳорат дарсларини ташкил этишни ўз зиммасига олади.

Ўзбекистон давлат консерваториясининг Мусиқий шарқшунослик кафедраси негизида «Ўзбек мақоми тарихи ва назарияси» кафедрасини ташкил этиш, вилоятлардаги педагогик олий таълим муассасаларининг мусиқий таълим йўналишида мақом санъатини махсус фан сифатида ўқитишни жорий этиш кўзда тутилган.

Мақом йўналишида ижод қилиб келаётган ижодий жамоалар, ансамбллар 2023 йилгача барча солиқ тўловларидан озод этилди. Қарор билан уч ой муддатда вилоятларда янги намунали мақом ансамбллари ташкил этиш топширилди.

2018 йилдан бошлаб Шаҳрисабз шаҳрида ҳар икки йилда бир марта Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш белгиланди. Оқсарой майдонининг тарихий қисмида мақом санъатига бағишланган музей ва миллий созлар лабораторияси ташкил этилади.