Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани Олмазор кўчасида Ўзбек миллий мақом санъати марказини қуриш режалаштирилмоқда. Лойиҳани амалга оширишга эса ҚҚСни қўшиб ҳисоблаганда 93 млрд сўмгача (МБнинг 11 майдаги курсига кўра, 8,8 млн доллар) маблағ ажратиш кўзда тутилган. Бу давлат харидлари портали маълумотларида қайд этилган.

Маданият вазирлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси 16 март куни тендерни эълон қилган ва 15 апрель куни якунига етказган. Тендер ғолиби ҳозирча аниқ эмас. Лойиҳа давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Амалга ошириш муддати эса 400 кун этиб белгиланган.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги лойиҳа ва импорт шартномаларини комплекс экспертиза қилиш марказининг (2020 йил июлдаги) ҳулосасига мувофиқ, 93 млрд сўм — бу лойиҳанинг якуний қиймати ҳисобланади.

Ўзбек миллий мақом санъати марказини давлат муассиси тарзида ташкил этиш президентнинг 2017 йилнинг ноябридаги қарорида кўзда тутилган эди. Марказни ташкил этишдан кўзланган мақсад — ўзбек мақом санъатини чуқур ўрганиш, ўзига хос ижро мактаблар ва анъаналарни янги босқичда равнақ топтириш, унинг «олтин фонди»ни яратиш ва бойитиш, халқаро нуфузини ошириш ва кенг тарғиб қилишдан иборат.

Президентнинг 2020 йилнинг январидаги [ПП-4565] қарорига мувофиқ, Мақом марказининг қурилиши маъмурий, муҳандислик-инфратузилма, сув хўжалиги, шунингдек, алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларни қуриш ва реконструкция қилиш манзилли дастурига киритилган. Қурилишни амалга ошириш муддати этиб 2020−2022 йиллар этиб белгиланган эди.