Гонконгда сўнгги 140 йилдаги энг кучли ёғингарчилик натижасида 130 дан ортиқ киши жароҳатланди, камида икки киши ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда South China Morning Post.

Гонконг метеорология обсерваторияси жума куни кечқурун 2021 йил октябрь ойидан бери биринчи марта бўрон тўғрисида энг юқори қора огоҳлантиришни эълон қилди. Бор-йўғи бир соат ичида — 23:00 дан 00:00 гача — метеорологлар 158,1 мм ёғингарчиликни қайд этишди. Шаҳарнинг айрим ҳудудларида бир суткадан камроқ вақт ичида 500 мм гача ёмғир ёғди.

8 сентябрь куни тушдан кейин қора бўрон ҳақида огоҳлантириш 12 соатдан кўпроқ вақт давомида амалда бўлиб, 1999 йилдаги 5 соат 47 дақиқалик рекордни янгилади.

Ёмғир кўчалар, йўллар, вокзаллар ва савдо марказларини сув босишига олиб келди ва уларни «дарёларга» айлантирди, деб ёзмоқда SCMP. Жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилган.

Маҳаллий ҳокимиятлар барча кундузги мактабларни ёпди ва компанияларга ходимларга уйда қолишга рухсат беришни тавсия қилди. Гонконг фонд биржаси ва HKEX ҳисоб-китоб палатаси об-ҳаво шароити туфайли савдо сессиялари бекор қилинганини билдирди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда одамлар сувдан қочиш учун машиналар ва бошқа платформаларга чиқишаётгани акс этган.

Метеорология хизмати маълумотларига кўра, ёмғирлар аввалроқ Хитой жанубини қамраб олган «Хайкуй» тўфони қолдиқлари туфайли юзага келган. Ўтган ҳафта Гонконгга иккинчи хавфли тоифага киритилган «Саола» тўфони ҳам ёпирилган эди.

Бундан ташқари, қўшни Шэньчжэнда ҳам кучли ёмғир ёғди — шаҳар 1952 йилдан бери энг юқори ёғингарчиликни қабул қилиб олди.