Ўзбекистонда 2023 йил якунига қадар «Аҳоли саломатлиги — 2030» миллий стратегияси ишлаб чиқилади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 6 сентябрдаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармони билан вазирликка халқаро ташкилотлар ва хорижий консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда «илғор хорижий тажриба асосида» ҳужжат тайёрлаш топширилди.

Стратегияда қуйидагиларга асосий эътибор қаратилади:

  • аҳолини максимал қамраб олган ҳолда бирламчи тиббий-санитария хизматини унга янада яқинлаштириш;
  • фуқароларнинг соғлом турмуш тарзини, соғлом овқатланишини ва жисмоний фаоллигини қўллаб-қувватлаш, уларни аҳоли орасида ҳар томонлама тарғиб қилиш;
  • оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳолининг бу борадаги эҳтиёжларини қондириш;
  • ихтисослашган тиббий ёрдам кўламини кенгайтириш;
  • соғлиқни сақлаш тизимини тўлиқ рақамлаштириш, қоғозбозликка, асоссиз бюрократияга ва навбатларга чек қўйиш, аҳолига тиббиёт муассасаларига мурожаат қилганида қулайликлар яратиш;
  • замонавий ва самарали бошқарув усулларини жорий қилиш ва тиббий хизматлар сифатини ошириш;
  • кадрлар салоҳиятини ошириш, тиббий таълим ва илм-фанни ривожлантириш;
  • хусусий секторни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилиш ҳамда йирик давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш;
  • тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;
  • фармацевтика тармоғини самарали тартибга солиш.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти билан биргаликда икки ой муддатда 2024−2026 йилларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, тўғри овқатланишни тизимли тарғиб қилиш ва оммалаштириш дастурини ишлаб чиқади.

2019 йил якунида президент қарори билан 2019−2022 йилларда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш концепцияси ва дастури тасдиқланганди.

Давлат раҳбари 2020 йил октябрь ойида «Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонини имзолаган. Унда давлат органлари раҳбарлари ва барча ходимлари иш вақтидан сўнг ҳафтада камида бир марта жисмоний тарбия билан шуғулланишиши белгиланган.

Бундан ташқари, фуқароларга 10 минг ва ундан ортиқ қадам юргани учун пул тўлаш лойиҳаси ишга туширилган (2022 йил баҳорида лойиҳа тўхтатилган). Худди шу фармонда мамлакатнинг барча вилоят ва шаҳарларида пиёда ва велосипедда ҳаракатланиш учун «Саломатлик йўлаклари» ташкил этиш топширилган.