Хитой ҳукумати Марказий давлат идоралари ходимларига иш жойида iPhone смартфонлари ва бошқа хорижий бренд қурилмаларидан фойдаланишни тақиқлади, дея хабар бермоқда The Wall Street Journal. Шунингдек, уларни идорага олиб келиш ҳам мумкин эмас.

Нашр маълумотларига кўра, буйруқ ички суҳбатлар ёки йиғилишларда расмийларга топширилган.

Бу ҳаракат Хитойнинг чет эл технологияларига қарамликни камайтириш ва чет элда махфий маълумотлар тарқалишини чеклаш мақсадида миллий киберхавфсизликни кучайтиришга қаратилган яна бир уриниши бўлгани таъкидланмоқда.

Аввалроқ мамлакат расмийлари алоҳида бўлимларда iPhone’дан фойдаланишга чекловлар қўйган эди, аммо эндиликда бу буйруқ кенгайтирилди, деб ёзади газета.

Бундай чоралар мамлакатдаги хорижий брендлар, шу жумладан Apple компанияси кўрсаткичларини ёмонлаштириши мумкин. Компания, нашрнинг таъкидлашича, Хитойнинг юқори нарх оралиғидаги смартфонлар бозорида ҳукмрон ва умумий даромадининг тахминан 19 фоизига эгалик қилади. Тақиқ ҳақидаги хабар эълон қилинганидан сўнг Apple акциялари 3,6 фоизга тушиб кетди.

«Пекин узоқ вақтдан буён ўз давлат корхоналарини хорижий технологиялар, шу жумладан компьютерлар, операцион тизимлар ва дастурий таъминотни ҳукумат хавфсиз ва бошқариладиган деб ҳисоблайдиган маҳаллий аналоглар билан алмаштиришни талаб қилмоқда», — деб ёзади The Wall Street Journal.

2021 йилда ХХР ҳукумати таъсирчан маълумотлар сизиб чиқишидан хавотир олиб, ҳарбийлар ва бошқа асосий давлат идоралари ходимларига Tesla автомобилларидан фойдаланишни чеклаган эди.

Хитой ҳукумати, шунингдек, бир қатор хорижий компаниялардан тўпланган маълумотларни мамлакат ҳудудида сақлашни талаб қилмоқда, бу эса Apple ва Tesla каби ишлаб чиқарувчиларни Хитойда маълумотлар марказларини қуришга мажбур қилди. Бироқ бу «Пекиннинг миллий хавфсизлик билан боғлиқ ташвишларини юмшатиш» учун етарли эмас, деб таъкидлайди нашр.

Хитой чекловлари АҚШда Хитой компаниялари, шу жумладан Huawei томонидан ишлаб чиқарилган алоқа ускуналарига қарши шунга ўхшаш тақиқларни акс эттиради. Бундан ташқари, ўнлаб штатларда америкалик давлат хизматчиларига Хитойнинг ByteDance компаниясига тегишли TikTok иловасидан фойдаланиш тақиқланган.

Хитой ва АҚШ ўртасидаги зиддиятлар йил сайин ортиб бормоқда. Август ойида президент Жо Байден Американинг Хитой технология саноатига, жумладан яримўтказгичлар ва микроэлектроника, квант технологиялари ва сунъий интеллектни ривожлантириш соҳаларига инвестицияларини чекловчи фармонни имзолади. Ўтган йилнинг октябрь ойида АҚШ Хитойга Америка технологиясидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган сунъий интеллект чипларини сотишни ҳам чеклади. Иқтисодчилар бу қарама-қаршиликни «чип уруши» деб аташади.