2023−2025 йилларда Бухоро вилояти аҳолиси тўлиқ иш билан таъминланган ҳудудга айлантирилади. Бу ҳақда 6 сентябрь куни вилоят ҳокими Ботир Зарипов президент Шавкат Мирзиёевга аҳоли бандлигини таъминлашга доир таклифларнинг онлайн тақдимотида айтиб ўтди.

бандлик, бухоро, шавкат мирзиёев

Давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабарига кўра, ҳозирги кунда Бухоро вилоятида 1 миллиондан зиёд меҳнатга лаёқатли аҳоли бўлиб, шундан 76 минг нафари ишсиз. Ҳар йили меҳнат бозорига 37 мингга яқин ёшлар кириб келмоқда.

Бунинг учун «имкониятлар етарли», дейилади тақдимотда. Хусусан, Бухорода 11 та пахта-тўқимачилик ва ғаллачилик кластерлари бўлиб, улар томонидан саноат ва қишлоқ хўжалигида 94 мингта, шу жумладан, касаначиликни ривожлантириш орқали 19 мингта иш ўрни очилиши мўлжалланмоқда.

Маҳаллаларда саноат, ҳунармандчилик, касаначилик, чорвачилик, савдо ва хизмат кўрсатиш йўналишларида 57 та микромарказ, ишсизлик юқори бўлган 98 та маҳаллада кичик тикув цехларини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

2023 йилда 15 минг гектар экин ерларини қайта фойдаланишга киритиш имконияти ҳам бор. Бу ерлар янги деҳқон хўжаликлари ташкил этиш учун аҳолига очиқ электрон танлов асосида тақдим этилади.

Шунингдек, давлат активларини аукционга чиқариш, уларнинг негизида иш ўринларини кўпайтириш бўйича таклифлар билдирилди.

Ушбу чора-тадбирлар натижасида 2023 йилда 250 мингта иш ўрни яратилиши, 2023−2025 йилларда Бухоро вилояти аҳолиси тўлиқ иш билан таъминланган ҳудудга айлантирилиши қайд этилди, дейилади хабарда.

Тақдимотда Ҳиндистон билан ҳамкорликда Қоракўл туманида IT-кластер ташкил этиш лойиҳаси ҳақида ҳам ахборот берилди.

«Давлат раҳбари мазкур таклифларни маъқуллаб, қўшимча топшириқлар берди», — дейилади хабарда.