Украиналик болаларга Ўзбекистон жамоат ташкилотлари ва ишбилармонлар номидан инсонпарварлик ёрдами етказилди, дея хабар берди Украинанинг Тошкентдаги элчиси Николай Дорошенко.

Ёрдам пакетидан эркаклар, аёллар ва болалар учун футболкалар, шунингдек, 2000 та биринчи синф тўплами ўрин олган. Тўпламга эса мактаб сумкаси, дафтар, расм дафтари, рангли қоғоз, пластилин тўплами, ручка, елим, қалам, рангли қалам, акварел ва қалам қутиси киритилган.

Гуманитар юкни Украина-Ўзбекистон дўстлиги халқаро жамияти раҳбари Любомир Башинский қабул қилиб олди. Украина элчихонасининг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, бу Ўзбекистондаги нодавлат ташкилотлар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан йиғилган гуманитар юкларнинг иккинчи партиясидир. Биринчиси, жумладан, 10,5 тонна кийим-кечак, пойабзал ва тиббиёт буюмлари 18 август куни мамлакатга етиб борган. Юборувчилар, аввалгидек, аноним қолишни афзал кўришган.

Биринчи синф ўқувчилари учун тўпламлар Закарпат вилояти маъмуриятининг кўчирилганлар марказига топширилди. Улар Харьков, Херсон, Николаев ва Запорожье вилоятларидан етимлар ва кўчирилганларнинг болаларига топширилади.

«Ишончим комилки, аноним хайрия миннатдорчиликни инкор этмайди. Ушбу акция ташаббускорларига самимий миннатдорчилигимни билдираман. Бу халқларимиз ўртасидаги дўстлик ўзгармаслигини тасдиқлайди», — деб ёзади Украина элчиси Николай Дорошенко.