18 август куни Ўзбекистондан Украинага юборилган 10,5 тоннали гуманитар ёрдам қабул қилиб олинди. Бу ҳақда мамлакатнинг Ўзбекистондаги элчиси Николай Дорошенко ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди.

«Бугун Украин-ўзбек дўстлиги халқаро жамияти раиси Любомир Башинский жамоат ташкилотлари вакиллари ва ўзбек ишбилармонлари томонидан йиғилган 10,5 тонна гуманитар юкни қабул қилди», — деб ёзди Украина дипломатик миссияси раҳбари.

Украинага юборилган юкдан пойабзаллар (қишки, спорт ҳамда болалар учун), аёллар ва болалар трикотаж кийимлари ўрин олган бўлиб, умумий қиймати 785 844 гривна ёки 21 282 долларни ташкил этади. Шунингдек, умумий қиймати 157 771 гривна (салкам 4273 доллар) бўлган тиббий буюмлар — шприц, пахта ва инфузион тизимлар топширилган.

Таъкидланишича, гуманитар ёрдам Львов вилоятининг Дрогобич тумани маъмурияти, ижтимоий сиёсат бўлими ва вилоят махсус тиббий буюмлар кенгашига топширилган.

Дорошенко, ўз навбатида, инсонпарварлик акцияси иштирокчиларига миннатдорлик билдирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украинадан дам олиш ва реабилитация учун 45 нафар боладан иборат гуруҳ Ўзбекистонга етиб келганди.

гуманитар ёрдам, ўзбекистон, украина

Ушбу лойиҳа мамлакатнинг Тошкентдаги элчихонаси ташаббуси билан ўзбек ишбилармонлари ва жамоат ташкилотлари вакиллари томонидан қўллаб-қувватланган.