Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида ичимлик суви таъминоти уч кунга — 6−8 сентябрь кунлари соат 8:00 дан 20:00 гача (қолган вақтларда сув берилиши керак) тўхтатилди, деб хабар қилди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Ҳокимлик маълумотларига кўра, канализация тармоғидаги йирик авария туфайли шаҳарнинг барча маҳаллаларида сув таъминотини тўхтатиш талаб қилинган.

«Ўзсувтаъминот» давлат акциядорлик жамияти ҳудудий филиалидан «Газета.uz»га маълум қилинишича, 5 сентябрдан бошлаб сувни тўхтатиш режалаштирилган эди, аммо техникалар кечикаётгани сабабли муддатлар ўзгарган.

Термиз шаҳридаги марказлашган ичимлик суви билан аҳолининг 90 фоизи қамраб олинган. Вилоят туманларидан шаҳар аҳолисига сув етказиб бериш учун махсус техникалар ажратилди.

Компания филиали аварияга канализация ва қудуқлардан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши сабаб бўлгани, «аҳоли йиллар давомида тўпланиб қолган турли хил ахлатларни ташлаб кетгани»ни таъкидлади.