Фарғона вилоятида бир неча киши қалбаки ароқдан заҳарланди, бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Хаёт Шамсутдинов «Газета.uz»га маълум қилди.

5 сентябрь куни заҳарланиш аломатлари билан Қўштепа туманида икки киши, Олтиариқ туманида беш киши касалхонага ётқизилган. Бир киши вафот этгани айтилмоқда.

Терговга қадар ўтказилган текширув вақтида Қўштепа туманида яшовчи А. Д. ва бошқалар ўзаро келишув тузиб, уй шароитида ишлаб чиқарилган ароқни сотиш мақсадида ишлаб чиқаргани аниқланган. Шишаларга «Ақтау» ва «Қаратау» брендлари ёрлиқларини ёпиштириб, сохта маҳсулотни битта умумий овқатланиш шохобчаси ва битта оилавий корхонага сотишган.

Мазкур ҳолат юзасидан 6 сентябрь куни Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) ва 186−1-моддалари (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи A.Д. процессуал тартибда ушланган. Тергов давом этмоқда, деди Бош прокуратура вакили.