5 сентябрь куни соат 08:30 атрофида Бухоро вилояти Олот туманида юк машинаси поезд билан тўқнашди, дея хабар бермоқда «Газета.uz»га вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати.

ЙТҲ оқибатида Howo юк машинаси ҳайдовчиси оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Видеода темирйўл ва автойўл кесишмасида шлагбаум йўқлигини кўриш мумкин. Вилоят ИИБ матбуот котиби ҳолатга изоҳ бераркан, ҳудуд қатнов камлиги ва чўл зонада жойлашгани учун алоҳида назоратга олинмаслигини, бироқ бошқа қўшимча белгилар мавжудлигини қайд этди.