Президент Шавкат Мирзиёев ўзбек миллий қўшиқчилик санъатининг атоқли намояндаси, устоз санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Шерали Жўраев ўзининг ноёб истеъдоди, бетакрор овози ва юксак ижро маҳорати билан юзлаб ёрқин қўшиқлар яратиб, халқ ўртасида муносиб обрў-эътибор топди. Мумтоз ва замонавий адабиётнинг кўплаб шеърий намуналарини куйга солиб, ўзбек қўшиқчилик санъатининг «олтин фонди»ни бойитишга беқиёс ҳисса қўшди, дейилади хабарда.

Таъкидланишича, у жамоат ишларида ҳам фаол иштирок этди. Хусусан, миллий парламент депутати сифатида мустақилликнинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, халқ, аввало, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш борасида жонбозлик билан фаолият олиб борди.

Кейинги йилларда «Ватандошлар» жамоат фондининг Васийлик кенгаши раиси вазифасида меҳнат қилиб, хорижий давлатларда истиқомат қилаётган ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлашда муносиб хизмат қилди. Моҳир санъаткор ўзбек миллий қўшиқчилигида ўз ижодий мактабини яратиб, кўплаб ёш истеъдод эгаларини тарбиялади.

Шерали Жўраевнинг миллий санъат ва маданиятни ривожлантириш борасидаги хизматлари учун «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист», «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонлари, Алишер Навоий номидаги давлат мукофоти, «Фидокорона хизматлари учун» ва «Эл-юрт ҳурмати» орденлари билан мукофотланган.

«Бетакрор санъаткор, самимий ва камтарин инсон, ёшларнинг меҳрибон ва талабчан устози Шерали Жўраевнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади», — дейилади хабарда.