Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти Шерали Жўраев ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Ўзбекконцерт хабар қилди.

Шерали Жўраев 1947 йили 12 апрель куни Андижон вилоятида таваллуд топган. 1971 йилда Тошкент театр ва рассомчилик институтининг Актёрлик санъати йўналишини тамомлаган.

Маданият вазирлигининг ёзишича, у меҳнат фаолиятини 1972 йилда «Шодлик» ашула ва рақс ансамблида хонанда сифатида бошлаган. Шунингдек, 1979−1986 йилларда Андижон вилояти филармонияси хонандаси, 1986−1996 йилларда Ўзбекистон давлат филармонияси хонандаси, 1996−2017 йилларда «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси хонандаси, 2017 йилда шу кунга қадар «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси хонандаси сифатида самарали ижод қилиб келаётганди.

Хофизнинг меҳнатлари муносиб баҳоланиб, 1981 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» фахрий унвони билан, 1987 йилда «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвони билан, 1991 йилда A.Навоий номидаги Ўзбекистон давлат мукофоти билан, 2018 йилда «Тожикистон халқ артисти» фахрий унвони билан, 2018 йилда «Фидокорона хизматлари учун» ордени ва 2022 йилда «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган.